Ҳар бир мамлакат ривожида халқаро ҳамкорлик, дўст, айниқса, қўшни давлатлар билан стратегик шериклик алоқалари муҳим ўрин тутади. Ўзбекистон бу борада энг яқин қўшнилари жамланган Марказий Осиё давлатлари ва Россия Федерацияси билан ҳар томонлама ҳамкорлик алоқаларини тобора ривожлантирмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги делегация Туркманистон пойтахти Ашхободда ташкил этилган Марказий Осиё мамлакатлари ва Россия Федерациясининг биринчи парламентлараро форумидаги иштироки давомида мазкур мамлакатлар билан ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган мулоқотлар бўлиб ўтди.

Марказий Осиё мамлакатлари ва Россия парламенти делегацияси раҳбарлари сўзга чиққан форумда Ўзбекистон Сенати раиси Т.Норбоева нутқ сўзлади.

Сенат раиси кейинги 30 йил давомида Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлари ва Россия билан муносабатлари барқарорлашиб бораётганини қайд этди. Ўзаро ҳамкорликнинг барча йўналишлари жадал ривожланиб бораётир. Турли даражадаги делегацияларнинг ташрифлари доимий ташкил этилмоқда.

Минтақа давлатлари ва Россия Ўзбекистон учун нафақат қўшни, балки вақт билан синалган, жуда яқин дўстлардир.

Ҳамкорлигимиз очиқлик, ўзаро ишонч, ўзаро ҳурмат ва бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш тамойиллари асосида изчил кенгайиб бормоқда.

– Ўзбекистоннинг минтақа мамлакатлари ва Россия билан ўзаро ҳамкорлиги стратегик шериклик, қатор мамлакатлар билан эса иттифоқчилик даражасига кўтарилган, давлатларимиз раҳбарларининг сиёсий иродаси бунинг учун, шубҳасиз, асос бўлиб хизмат қилмоқда, – деди Сенат раиси Танзила Норбоева. – Ҳозирги замондаги таҳдидлар ва оғир шароитларга қарамай биз кўп қиррали ҳамкорлигимизни кенгайтиришнинг янги йўлларини топишга муваффақ бўляпмиз.

Марказий Осиё мамлакатлари ва Россия ўртасидаги икки томонлама савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни фаоллаштиришда парламентларнинг кўмаги жуда муҳим. Юқори даражада эришилган келишувларнинг амалий ижросини таъминлаш мақсадида ўзаро савдодаги тўсиқ ва чекловларни бартараф этиш учун асос бўлиб хизмат қиладиган, иқтисодий ҳамкорликни фаоллаштиришга кўмаклашадиган зарур ҳуқуқий базани яратиш зарур.

Гуманитар, ёшлар билан боғлиқ алоқаларини мустаҳкамлаш, туризм соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, пандемиядан кейинги барқарор тикланиш бўйича амалий ҳамкорлик масалаларига эътибор қаратилди.

Ўзбекистоннинг қўшма ташаббусларни илгари суриш амалиётини давом эттиришдан, шунингдек, халқаро парламент тузилмалари доирасида бир-бирини қўллаб-қувватлашдан манфаатдорлиги яна бир бор тасдиқланди.

Форум доирасида Туркманистон пойтахтида Марказий Осиё мамлакатлари ва Россия аёллари мулоқоти ташкил этилди. Унинг ишида Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этди.

Мулоқот доирасида иштирокчилар бугунги куннинг долзарб масалаларини ҳал этишда хотин-қизлар ташкилотларининг ролини кучайтиришга эътибор қаратди.

Марказий Осиё мамлакатлари ва Россия аёллари мулоқоти минтақавий ҳамкорликни кенгайтиришга, халқлар ўртасидаги ишонч ва ўзаро тушунишни мустаҳкамлашга, гендер тенгликни тарғиб қилишга, шунингдек, Марказий Осиё ва Россия аёллари ҳуқуқлари, позицияси ва имкониятларини мустаҳкамлашга кўмаклашмоқда.

Ташриф давомида Сенати раиси Т.Норбоева Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов билан учрашди.

Учрашувда кейинги йилларда янги амалий мазмун билан бойитилаётган Ўзбекистон – Туркманистон муносабатларининг ижобий динамикаси мамнуният билан қайд этилди.

Томонлар икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш, шунингдек, Ўзбекистон ва Туркманистон ишлаб чиқарувчилари ўртасидаги саноат кооперациясини кенгайтиришга кўмаклашиш мақсадида парламентлараро мулоқотни фаоллаштиришга келишиб олди.

Ўзбекистон делегацияси, шунингдек, Орқадоғ, Туркманистон Миллий Генгеши Халқ Маслаҳати раиси Г.Бердимуҳамедов билан ҳам учрашди. Унда томонлар сўнгги йилларда Ўзбекистон-Туркманистон ҳамкорлиги жадаллашиб, икки мамлакат халқларининг кўп асрлик дўстлиги, муштарак тарихи ва маданияти ҳамда анъаналарига асосланган стратегик шериклик даражасига кўтарилганини таъкидлади.

Орқадоғ Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувларини ўтказиш ташаббусини юқори баҳолади. Уларда мамлакатларимиз икки томонлама, минтақавий ва халқаро масалаларни муҳокама қилиш имконига эга. Ўзаро ҳамкорликнинг ушбу минтақавий механизми долзарб эканини вақтнинг ўзи исботлади.

Форум доирасида Марказий Осиё давлатлари ва Россия Федерацияси аёллари мулоқотининг ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий тараққиётдаги хотин-қизларнинг ролига бағишланган мажлиси ҳам бўлиб ўтди.

Форум иштирокчилари хотин-қизлар ўртасидаги конструктив алоқаларни мустаҳкамлаш, гендер тенглик ва хотин-қизларнинг давлат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги иштирокини кенгайтириш бўйича лойиҳа ва дастурлар ишлаб чиқиш масалаларини, шунингдек, Марказий Осиё мамлакатлари ва Россия парламентлари ўртасидаги шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва мулоқотни мустаҳкамлаш йўлларини муҳокама қилди.

Т.Норбоева мазкур мажлисда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев аёллар ва қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳот ва ўзгаришлар ташаббускори эканини алоҳида таъкидлади. Шу туфайли Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш масалалари давлат сиёсати даражасига кўтарилди.

Форум доирасида Сенат раиси Танзила Норбоева Туркманистон Миллий Генгеши Межлиси раиси Гульшат Маммедова билан ҳам учрашди.

Мулоқотда савдо-иқтисодий соҳадаги алоқаларни мустаҳкамлашга эътибор қаратилди. Сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми беш баробар ошди. Пандемия оқибатларига қарамай, 2021 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ўтган йилга нисбатан 65 фоизга ошди.

“Ишончим комил, мазкур парламентлараро форум нафақат икки мамлакат, балки бутун минтақа ўртасидаги стратегик муносабатларни мустаҳкамлашнинг яна бир муҳим платформасига айланди. Чегараолди ҳудудлар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш, шунингдек, Ўзбекистон ва Туркманистон ҳудудлари форумини ҳар йили ўтказиш иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш учун ҳаракатлантирувчи омил бўлади”, – деди Танзила Норбоева.

Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда 200 мингдан ортиқ туркман миллатига мансуб фуқаро истиқомат қилади. Улар учун она тили, миллий маданияти, анъана ва урф-одатларини ривожлантириш учун бундан кейин ҳам барча шарт-шароитлар яратилади.

Сенат раҳбари маданият ва кино кунларини, театр ва мусиқа жамоаларининг гастролларини, илмий ҳамжамият вакилларининг учрашувларини ва шу каби бошқа тадбирларни биргаликда ўтказишни таклиф этди.

Форум якуни бўйича Марказий Осиё давлатлари ва Россия аёллари мулоқоти декларацияси қабул қилинди. Ҳужжатда мазкур давлатларнинг тинчлик, барқарорлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш мақсадида минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида эришган ютуқлари қайд этилган.

Хотин-қизларнинг бунёдкорлик ва тинчликпарварлик салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришнинг самарали йўлларини ишлаб чиқиш Аёллар мулоқотининг устувор йўналишларидан бири эканлиги алоҳида таъкидланди.

2022 йилга мўлжалланган Марказий Осиё аёллари мулоқоти Ҳаракатлари режаси ҳам имзоланди.

 

Н.Абдураимова, ЎзА