Бойсун туманидаги Паданг кенгликларида “Бойсун баҳори” халқаро фольклор фестивали бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 7 февралдаги “Бойсун баҳори” халқаро фольклор фестивалини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ўтказилган фестивалда дунёнинг 30 дан ортиқ давлатидан мартабали меҳмонлар, соҳа мутахассислари, саньаткорлар ва мухлислар иштирок этди.

Миллий қадриятлар улуғланган шодиёнада мамлакатимиз фольклор санъати усталари, Буюк Британия, Франция, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон давлатлари саньаткорлари халқ оғзаки ижодининг энг гўзал наволари, миллий анъаналарини юксак маҳорат билан тараннум этди.

Маданият ҳамда Туризм ва маданий мерос вазирликлари, ЮНЕСКО, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган фестиваль қадимий ва ҳамиша навқирон воҳанинг бой сайёҳлик салоҳиятини кенг тарғиб қилишга йўналтирилгани билан ҳам аҳамиятли бўлди.

Паданг кенгликларида юздан ортиқ ўтов уйлар ўрнатилиб, миллий қадриятларимизга мос безатилгани, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар ҳамда Термиз шаҳри ва туманлардан келган ҳунармандлар маҳсулотлари, миллий таомлар кўргазмаси барчада катта қизиқиш уйғотди. Турли спорт мусобақалари, бахши-оқинлар танлови, от устида кураш, чиллак, арқон тортиш, миллий кураш сингари ўнга яқин миллий халқ ўйинлари ўтказилиб, ғолиблар тақдирланди.

– Миллий ҳунармандчилик буюмлари кўргазмаси бизга жуда ёқди, – дейди франциялик сайёҳ Анна Мариа. – Тинч, обод Ўзбекистоннинг миллий қадриятлари, урф-одатлари билан танишдик. Нафақат ўзбек халқининг қадимги оғзаки ижоди, балки бошқа қатор давлатларнинг ҳам фольклор санъатини томоша қилдик.

Қизғин баҳсларга бой бўлган кураш беллашувларида мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан келган донгдор полвонлар ўзаро куч синашди. +90 килограмм вазн тоифасидаги баҳсларда Сурхондарё вилояти Шеробод туманилик Муҳаммадкарим Хуррамов ғолиб бўлди ва 20 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди. Бошқа вазн тоифасидаги ғолиб полвонлар ҳам муносиб рағбатлантирилди.

Халқаро фестивалнинг тантанали ёпилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ректори, халқаро кўрик-танлов ҳакамлар ҳайъати раиси Ўрозали Тошматов ва бошқалар «Бойсун баҳори» халқаро фольклор фестивалида ҳар бир жамоа чиқиши, ижро маҳорати низомда белгиланган тартиблар асосида баҳолангани ҳақида атрофлича сўз юритди. Мазкур фестиваль ЮНЕСКО шафелигида қабул қилинганини маълум қилди. Фестиваль мухлисларига очиқ осмон остида икки кун давомида номоддий маданий мерос дурдоналарини фахр билан намойиш этган санъаткорлар, ҳунармандлар, этноспортчилар ва бошқа соҳалар фидойиларига, ижодкорларига чуқур миннатдорлик билдирди. Ғолибларни табриклади.

Ҳаяжонли кечган тақдирлаш маросимида фольклор санъати, миллий халқ ўйинлари ва томоша санъати бўйича ташкил этилган кўрик-танлов ғолиблари эълон қилинди. Унга кўра, фольклор йўналишида 1-ўринни Сурхондарё вилоятидаги “Бойсун” фольклор-этнографик халқ ансамбли эгаллади. 2-ўрин Хоразм вилоятидаги “Жўралар”, Тожикистон Республикасининг “Бибиҳо” фольклор ансамблларига насиб этди. 3-ўринни Қорақалпоғистон Республикасининг “Оқ мачит”, Қирғизистон Республикасининг “Ибрат”, Навоий вилоятининг “Навоий” фольклор ансамбллари қўлга киритди. Халқ ўйинлари ва томоша санъати йўналишида 1-ўрин Жиззах вилояти, 2-ўрин Сурхондарё, Тошкент вилоятлари, 3-ўрин Андижон, Фарғона, Навоий вилоятлари жамоаларига насиб этди. Шунингдек, номинациялар ғолиблари ҳам аниқланди. Ғолиб ва совриндорларга махсус диплом, фестиваль рамзи туширилган эсдалик совғалари, пул мукофотлари топширилди.

Туризм ва маданий мерос вазирлиги тамаддун бешиги, тилсимотлар маскани бўлган Бойсунни «Туризм тумани», деб эълон қилди ва туман ҳокими Асқарали Жўраевга ушбу юксак эътирофнинг рамзий калити топширилди.

Маросим қизиқарли концерт дастури билан якунланди.

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,

ЎзА мухбири