Нукусда кураш бўйича 2004-2005 йилларда туғилган ўсмирлар ва қизлар ўртасида Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтди.
Уч кун давом этган чемпионатда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардан полвонлар иштирок этди.
Мусобақининг очилиш маросимида Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикалари Спортни ривожлантириш вазирликлари, Бош прокуратура ва Ўзбекистон Кураш федерацияси мутасаддилари иштирок этди.
Мамлакат чемпионатининг дастлабки кунида ўғил болаларнинг 50-55-60 кг, қизларнинг 44-48-52 кг вазн тоифасидаги баҳслари бўлиб ўтди.
Мусобақанинг иккинчи куни ўғил болаларнинг 66-73-81, қизларнинг 57-63-70 кг вазн тоифаларидаги ғолиб ва совриндорлари номи маълум бўлди.
Чемпионатнинг охирги кунида эса ўғил болалар ўртасида 90, -100, +100 кг ва қизлар ўртасида 78,+78 вазндаги курашчилар ўзаро беллашди. Ғолиблар аниқланди.
Медаллар жамғариш бўйича Тошкент шаҳри, Бухоро, Қашқадарё вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикаси полвонлари яхши натижаларга эришди.
– Мусобақа юқори савияда ўтди, – дейди қизлар ўртасида мамлакатимиз чемпиони Шийрин Тоқтарбоева – Мураббийлар ишончини оқлаб, биринчи ўринни қўлга киритганимдан хурсандман.
Барча вазн тоифалари бўйича ғолиб ва совринли ўрин эгалари ташкилотчилар томонидан медаль, диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА