Ўзбекистон халқаро ислом академиясида “Учинчи Ренессансни шакллантиришнинг ижтимоий-иқтисодий муаммолари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди.

Халқаро конференцияни Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов кириш сўзи билан очди.

Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбари назарда тутган Учинчи Ренессанс — мамлакатимизда илм-фан тараққиёти, иқтисодиёт ва жамият истиқболи, халққа хизмат қилиш ва кишиларни рози қилишдай эзгу ният билан амалга оширилаётган барча ютуқларнинг асосидир.

Бу йил ўзининг 75 йиллик юбилейини нишонлаётган, ёш авлод таълим-тарбиясига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келаётган, халқимизга садоқат билан хизмат қилган, умрини илм-фанга бахшида этган иқтисод фанлари доктори, профессор Нурислом Тўхлиев конференцияда қутланди.

Шунингдек, давлат ва жамоат арбоблари, хорижий ва маҳаллий олимлар, профессор-ўқитувчилар халқаро илмий-амалий конференциясининг ўзига хос хусусиятлари ҳақида гапирди.

Юртимизда олиб борилаётган барча ислоҳотлар инсон қадрини улуғлашга, унинг орзу-умид, эзгу мақсадларини рўёбга чақариш учун хизмат қилаётгани алоҳида қайд этилди.

– Давлатимиз раҳбари томонидан “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” даъваткор ғояси илгари сурилди, – деди Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ректори Содиқ Сафоев. – Бунда ғоят чуқур маъно бор. Миллий тикланиш, ўзлигимизни англаш, миллий давлатчилигимизнинг асосларини қайтадан барпо этиш босқичи тугади. Энди Ўзбекистоннинг ўз тарихий, цивилизацион ўрнини янгитдан тиклаш, ўзбек халқининг генетик инсоний потенциалига монанд тараққиёт даражасини таъминлаш – Учинчи Ренессанс ривожининг даври келди.

– Юртбошимиз таъбири билан айтганда, “янги” деган сўзнинг биз учун алоҳида аҳамияти бор, – деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, академик Акмал Саидов. – Шу маънода, бундан беш йил олдин қабул қилинган Ҳаракатлар стратегиясида ўз олдимизга Янги Ўзбекистонни барпо этиш ва Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишдек буюк вазифаларни стратегик мақсад қилиб қўйганимиз бежиз эмас. Президентимиз биз интилаётган ана шу эзгу ғояни рўёбга чиқариш йўлида ҳаётимизнинг турли соҳаларида қўлга киритилган натижалар ва бу борада олдимизда турган масъулиятли вазифалар ҳақида сўз юритади.

Дарҳақиқат, Она диёримизда яшаётган ҳар бир фуқаро юртимиздаги бунёдкорлик ишларида собидқадам бўлиши зарур. Буюк келажак сари интилиш, янги Ўзбекистонни барпо этишда муносиб ҳисса қўшиш, давлатимиз раҳбари бошлаган эзгу ташаббус ва мақсад йўлида бирга ҳаракат қилиш, бирлашиш зарур.

Халқаро конференция мажлиси “Ренессанснинг тарихий, сиёсий ва маданий шарт-шароитлари, шаклланиш омиллари”, “Ўзбекистонда Учинчи Ренессансни шакллантиришнинг ижтимоий-иқтисодий асослари”, “Жаҳон ва Ўзбекистон иқтисодиёти ривожланишининг устувор йўналишлари”, “Учинчи Ренессансни шакллантиришда туризм соҳаси самарадорлигини ошириш механизмлари”, “Учинчи Ренессансни шакллантириш шароитида рақобатбардош кадрларни тайёрлашни такомиллаштириш” мавзуларида, шўъбаларга бўлинган ҳолда ўз ишини олиб борди.

Анжуманда 200 га яқин хорижий ҳамда маҳаллий соҳа вакиллари томонидан мавзуга оид маърузалар қилинди. Россия, Корея Республикаси, Туркия каби давлатларнинг олимлари ҳам ўз маърузаси билан қатнашди.

Соҳада мавжуд муаммолар, уларга ечим топиш йўллари, илмий тадқиқотлар натижалари ўртоқлашилди. Анжуман ташкилотчилари томонидан конференцияга келиб тушган мақолалар ҳамда мутахассислар томонидан қилинган маърузалар матни тўплам ҳолида нашр этилди.

Конференцияда кўрилган масалалар, улар орқали чиқарилган хулосалар, тавсия ва таклифлар амалиётда ўз ўрнини топиши ва республика иқтисодиётини, мамлакатда туризм соҳаси ва унинг инфратузилмасини ривожлантиришда муҳим ҳиссасини қўшишига ишонч билдирилди.

Н.Усмонова, ЎзА