“Лазги” – муҳаббат ва қалб рақси”, “Лазги” – дунёдаги энг қуёшли ва оловли рақс”, “Лазги” – руҳ ва севги рақси”, “Лазги” жозибази –қалбларни ларзага солар”, “Лазги” – ўйнамасанг ўйнатади” “Дилларга дармон “Лазги”
Хоразм лазгисига берилган таърифларнинг адоғи йўқ. Хоразм асрлар мобайнида инсониятнинг маънавий ва моддий маданияти ривожига салмоқли ҳисса қўшиб келган. Халқимизнинг бадиий даҳоси билан яратилган ушбу санъат мўъжизасининг пайдо бўлиши ҳам уч минг йилларга бориб тақалади. Лазги ҳақида турли афсона ва ривоятлар мавжудлиги ҳам шундан далолат беради.
Хоразмда жори йил илк бор “Лазги” халқаро рақс фестивали ўтказилди. Унда дунёнинг турли мамлакатлари, юртимизнинг турли ҳудудларидан маданият ва санъат соҳаси вакиллари ташриф буюрди. Тадбирлар доирасида “Ичан-қалъа” мажмуаси ҳудудида рақс санъатига оид кўргазмалар, миллий либослар, ҳунармандчилик буюмлари, тасвирий ва амалий санъат асарлари, ҳайкалтарошлик намуналаридан иборат ранг-баранг кўргазмалар ташкил этилди. Шунингдек, китоблар савдоси, ярмаркаси ҳам ўтказилди.
Хива шаҳридаги “Фаравон” меҳмонхонасида “Лазги” халқаро рақс фестивалига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Тадбир доирасида ўтказилган “Ўзбек миллий рақсининг жаҳон рақс санъатидаги ўрни” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференцияда қатор хорижий мамлакатлардан рақс санъати усталари, мусиқашунос ва санъатшунос олимлар, таниқли санъаткорлар, етук мутахассислар, фахрий меҳмонлар иштирок этади.
– Ўзбекистонга илк бор келишим, – дейди болгариялик раққоса Анелиа Иванова. – Эртакмонанд шаҳарда ушбу тадбирнинг ташкил этилиши қандайдир илоҳийлик касб этган. Ушбу навони тинглар экансиз қандай рақсга тушиб кетганингизни ўзингиз сезмай қоласиз. Мен ватанимга бир олам таассуротлар билан қайтаяпман.
Халқаро рақс фестивали доирасида ўтказилган халқаро рақс танловининг ғолиблари ҳам эълон қилинди. Танловда ўзбекистонлик раққоса Дилноза Ортиқова гран-прига лойиқ, деб топилди ва 7 минг доллар пул мукофоти билан тақдирланди. “Энг яхши рақс жамоаси” номинацияси бўйича биринчи ўрин Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрининг “Тумор” рақс ансамблига насиб этди. “Энг яхши яккахон рақс ижрочиси” номинацияси бўйича биринчи ўринни ўзбекистонлик Шерзод Кенжабоев ва қозоғистонлик Гулнур Кассимбек эгаллади. “Энг яхши саҳналаштирилган рақс” номинацияси бўйича биринчи ўринни Болгариянинг “Пирин” рақс жамоаси олди.
– Мен оддий сайёҳ сифатида Россиянинг Москва шаҳридан Хивага келгандим, – дейди Анна Караева. – Шундай ажойиб халқаро тадбирнинг гувоҳи бўлаяпман. Ҳақиқий маънода санъат ва маданият байрами деса бўлади. “Лазги” халқаро рақс фестивали якунланди.
Аҳмаджон Шокиров, ЎзА