Тошкент шаҳрида иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекисто-Венгрия ҳукуматлараро комиссияси ҳамраислари, Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов ҳамда Венгрия ташқи ишлар ва савдо вазири Петер Сийярто ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Юқори даражадаги тадбирда сиёсий, инвестициявий, савдо-иқтисодий, молиявий-техник, транспорт ва логистика, маданий-гуманитар ва ҳудудлараро соҳалардаги икки томонлама ҳамкорлик масалалари, амалдаги келишувларни ҳаётга татбиқ этилиши ҳамда устувор йўналишларда муносабатларни чуқурлаштириш истиқболи муҳокама қилинди.
Томонлар идоралараро даражадаги ҳамкорликни изчил ва тизимли ривожлантириш, шунингдек, икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари ўртасидаги бевосита алоқани мустаҳкамлаш бўйича олиб борилаётган самарали ишларни алоҳида қайд этди.
Тўқимачилик, озиқ-овқат, фармацевтика ва кимё маҳсулотларини ўзаро етказиб бериш ҳажми ошган. Инвестициявий ҳамкорлик ҳам кенгайиб бормоқда: венгер компаниялари ва банклари Ўзбекистонда лойиҳаларни муваффақиятли амалга оширмоқда ва шерикликни кенгайтириш учун янги йўналишлар излаяпти.
Фармацевтика соҳасидаги муносабатларнинг яқинликка асослангани таъкидланди. Жумладан, Ўзбекистонда дори-дармон ишлаб чиқариш бўйича янги қўшма корхоналар ташкил қилиш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни рўйхатга олиш ишлари жадал олиб борилмоқда. Венгрия етакчи фармацевтика компаниялари раҳбарларидан иборат делегациясининг инвестициявий ҳамкорликнинг янги йўналишларини ишлаб чиқиш мақсадида Ўзбекистонга ташрифини ташкил этишга келишиб олинди.
Томонлар транспорт соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш имкониятини муҳокама қилар экан, икки мамлакат транспорт идоралари ўртасида Ҳаво қатнови тўғрисидаги Ҳукуматлараро битимни имзолашни жадаллаштириш чора-тадбирларини кўриб чиқди, муҳим масалалар юзасидан якдил фикрга келди.
Маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш, жумладан, таълим соҳасидаги алоқаларни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, илм-фан ва инновациялар соҳасидаги алоқаларни фаоллаштириш тўғрисида келишувга эришилди.
Учрашув якунида икки мамлакат делегациялари раҳбарлари ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича қўшимча таклифлар алмашди. Лойиҳа ва ташаббусларни илгари суришга қаратилган мулоқотни ривожлантиришга келишиб олинди.
ЎзА