Президент раислигида туризм хизматлари кўламини кенгайтириш ва инфратузилмасини ривожлантириш бўйича видеоселектор йиғилиши давом этмоқда.

Йиғилишда Туризм вазирлигига хорижий туристларга кўмаклашувчи сайтлар, мобиль иловалар яратиш бўйича танлов эълон қилиб, энг яхшиларига грант ажратиш топширилди.

186 та халқаро ва маҳаллий фестиваллар ташкил этиш орқали жорий йилда камида қўшимча 1 миллион хорижий ва 5 миллион нафар ички туристларни жалб қилиш мумкин.

Шу боис, Туризм вазирлигига:

– Наманганда – Халқаро гуллар;

– Фарғонада – Туркий халқлар ёшлари;

– Сурхондарёда – “Бойсун баҳори”;

– Хоразмда – Лазги;

– Қорақалпоғистонда – “Стихия” электрон мусиқа;

– Тошкент шаҳрида – “Гастро Базар” ва Тошкент халқаро кино фестивалларини юқори савияда ташкил этиш топширилди.

Маданият вазирлигига:

– июнда Тошкент шаҳрида қўғирчоқ театри, Гулистонда миллий чолғу фестивали, Тошкент вилоятида халқаро этнофестиваль;

– май-июнда Андижон ва Сирдарёда Ботир Зокиров миллий эстрада симфоник оркестри, Тошкент вилояти ва Қорақалпоғистонда Академик халқ чолғулари оркестри, Наманган ва Фарғонада “Наврўз” ашула ва рақс ансамбллари концертларини ташкил этиш топширилди.

–Жорий йилда Наврўз байрами муносабати билан қўшимча дам олиш кунлари белгилангани, 250 та меҳмонхона ва музейлар аҳолига чегирма бергани, зиёрат объектлари бепул қилингани ички туризм учун катта туртки берди.

Бу орқали Бухоро ва Самарқандга қўшимча 110 минг маҳаллий турист борди. Келгуси ҳафтада Рамазон ҳайити муносабати билан ҳам аҳолимизга яна 5 кунлик дам олиш берилади. Бу ҳудудларда ички туризмни ривожлантириш учун қўшимча имконият. Энди ушбу ишларни фақат байрамлар арафасида эмас, балки йил давомида тизимли равишда ташкил этиш бўйича янги тартибни жорий этамиз, – деди Президент.

Жумладан, 2022 йилдан бошлаб барча давлат ташкилотлари ходимлари учун йилига бир маротаба маҳаллий саёҳатга чиқиш харажатларининг 20 фоизини бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан қоплаш амалиёти йўлга қўйилади.

Бундан ташқари, 1 сентябрдан бошлаб, юртимиз бўйлаб саёҳат қилаётган фуқароларга:

– авиа, темир йўл ва автобус чипталари нархининг 15 фоизини (авиатранспортга 200 минг сўмгача, темир йўл ва автобусга 100 минг сўмгача);

–меҳмонхона харажатининг 20 фоизини (бир кеча учун – 80 минг сўмгача);

– музей ва бошқа маданият объектларига чипта нархининг 50 фоизини (битта объект учун – 20 минг сўмгача) қайтариш тизими жорий этилади.

Байрам кунлари ва фестивалларда аҳолининг фаол саёҳат қилишига қулай шароит яратиш учун қўшимча авиа, темир йўл ва автобус қатновини ташкил этиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Бунда чипталарга 50 фоизгача чегирмалар жорий қилинади.

ЎзА