Давлатимиз раҳбари видеоселектор йиғилишида Ромитан туманидаги “Бухоро оазис”, Поп туманидаги Чодак ва Самарқанд туманидаги Конигил қишлоқларида ташкил этилган мажмуаларнинг ички туризмни ривожлантиришдаги ижобий натижаларини қайд этди.

Бундай лойиҳаларни Ангрендаги Лашкарак, Паркентдаги Кумушкон, Шаҳрисабз туманидаги Ғелон, Сувтушар, Китобдаги Жовуз, Варганза ва Башир, Чироқчидаги Тарағай ва Лангар, Хўжаободдаги Имом ота, Нуротадаги Сентоб, Зоминдаги Дуоба, Фарғона туманидаги Саткак қишлоқларида ҳам амалга ошириш бўйича кўрсатма берди.

Бундан ташқари, ҳоким ёрдамчилари 85 та маҳаллада йўл, электр, ичимлик суви, алоқа масалалари ҳал қилиб берилса, 100 миллион долларлик лойиҳаларни амалга ошириши ва камида қўшимча 3 миллион турист жалб қилиш ташаббусини билдираётгани қайд этилди.

Президент туризм қишлоқлари учун қўшимча имтиёзларни эълон қилди. 1 июлдан бошлаб:

– туризм қишлоқларида меҳмон уйлари, овқатланиш ва савдо шохобчалари, кўнгилочар жойлар ташкил этган тадбиркорлар 3 йил давомида айланмадан олинадиган солиқ ва ижтимоий солиқни 1 фоиз ставкада, мол-мулк, ер, сув солиқларини ҳисобланган суммадан бор йўғи 1 фоизини тўлайди;

– оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида ушбу қишлоқларда меҳмон уйлари ташкил этишга 50 миллион сўмгача, ўтов лагерлари ва эко-уйлар мажмуасига 300 миллион сўмгача, чодирли лагерлар қуришга 300 миллион сўмгача кредитлар берилади.

Мисол учун, Чироқчидаги Тарағай ва Лангар қишлоқлари аҳолиси камида 100 тадан меҳмон уйлари ташкил этиш ташаббусини билдирган;

– ҳар йили туризм қишлоқларининг 200 нафар ёшлари бюджет ҳисобидан туризм техникумларида бепул ўқитилади.

135 та ихтисослашган маҳаллада 2,5 мингта лойиҳа учун жорий йилда 250 миллиард сўм ва 50 миллион доллар ажратилади.

Меҳмон уйлари ташкил этиш учун 100 миллиард сўм йўналтирилади.

ЎзА