Президент раислигида туризм хизматлари кўламини кенгайтириш ва инфратузилмасини ривожлантириш бўйича видеоселектор йиғилиши давом этмоқда.

Йиғилишда юртимизда мавжуд 122 та музей салоҳиятидан фойдаланилмаётгани таъкидланди. Музейларда 2,5 миллиондан ортиқ ашё сақланиб, 112 мингтаси нафақат мамлакатимиз, балки жаҳон миқёсида ноёб ҳисобланади.

–Лекин қайси ҳоким музейлар муаммоси билан шуғулланди, деган саволга ижобий жавоб йўқ. Мисол учун, Савицкий, Термиз археология, Ўзбекистон давлат санъат музейларига бутун дунёдан одамлар келади, лекин аҳолимизни бу маданият масканларига бориши тизимли ташкил этилмаяпти. Шу боис бугун туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимовга янги ўринбосарлар – Бахтиёр Ибрагимов, Нусратилла Зикриллаев, Ботир Шахриёровни тайинладим. Ҳар бир вилоят ҳокимига ҳам туризм бўйича ўринбосарлар берилган. Бундай имконият қачон бўлган? Бу борада Қорақалпоғистон, Андижон, Бухоро, Фарғонада туризм бўйича ўринбосарлар яхши ишлаяпти. Қолган ҳудуд масъуллари ҳали «уйғонгани» йўқ», – деди Президент.

Шу 4 та ҳудуддан ташқари барча вилоят ҳокимларининг туризм бўйича ўринбосарларига 3 ой синов муддати белгилаш, якуни бўйича лавозимга лойиқлигини кўриб чиқиш топширилди.

Туризм вазири,  унинг янги тайинланган ўринбосарлари, вилоят ҳокимлари ва туризм бўйича муовинлари олдидаги энг устувор вазифалардан бири – туризм соҳасида пандемиягача бўлган кўрсаткичларни тиклаш экани таъкидланди.

Туризм ва унга турдош соҳаларда камида 200 мингта янги иш ўрини яратиш вазифаси қўйилди.

Бунинг учун йил якунига қадар ҳар бир вилоятда туристлар учун жозибадор бўлган камида 20 миллион долларлик 1 тадан йирик лойиҳани бошлаш зарур.

Мисол учун, Наманганда ишга туширилган “Афсоналар водийси”, Бўстонлиқда “Амирсой мажмуаси”да ҳам болалар учун, ҳам катталар учун барча шароит яратилган бўлиб, кунига минглаб хорижий ва маҳаллий туристлар келмоқда.

Бундай йирик лойиҳаларни қўшни давлатлар учун қулай бўлган Андижон, Тошкент вилояти, Қашқадарё ва Хоразмда барпо этиш учун барча имкониятлар етарли экани қайд этилди.

ЎзА