Халқимизнинг маънавияти, тафаккури миллий санъатимиз ва маданиятимизга бевосита боғлиқдир. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бу йил мамлакатимизда илк бор 15 апрель – Ўзбекистон Республикаси маданият ва санъат ходимлари куни сифатида кенг нишонланмоқда.

Шу муносабат билан пойтахтимиздаги «Халқлар дўстлиги» саройида тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Тантанали тадбирда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг маданият ва санъат ходимларига табриги ўқиб эшиттирилди.

Мамлакатимизда маданият соҳасидаги миллий қонунчиликни тубдан такомиллаштириш, санъатимизни янада равнақ топтиришга хизмат қилувчи фармон ва қарорлар қабул қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Юртимизда бадиий жамоалар, театрлар, санъаткорлар фаолияти жадал қўллаб-қувватланмоқда.

Бу жараёнда устоз санъаткорлар меҳнатини қадрлаш, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Истеъдодли ёшлар муттасил қўллаб-қувватланаётгани эътиборга моликдир.

Тантанали тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида миллий маданиятимиз ва санъатимизни ривожлантириш борасидаги эзгу интилишлар халқимиз, айниқса, ёш авлод маънавиятини юксалтиришдек мақсадга йўналтирилганини таъкидлади.

– Соҳага кўрсатилаётган эътиборни ўз фаолиятимиз давомида доимий ҳис этмоқдамиз, – деди Сирдарё вилояти мусиқали драма театри актёри Назмиддин Назаров. – Булар янги спектаклларни саҳналаштириш, санъаткорлар фаолиятини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашда намоён бўлмоқда.

Президентимиз ташаббуси билан таъсис этилган «Ниҳол» номидаги Давлат мукофоти тантанали тадбирда мумтоз қўшиқ, мусиқа ижрочилиги, опера, рақс, эстрада ижрочилиги йўналишлари бўйича бир гуруҳ ижодкор ёшларга устоз санъаткорлар томонидан тантанали равишда топширилди.

– Мумтоз куй-қўшиқлар инсон маънавий камолотида бениҳоя катта ўрин эгаллайди. Бизларга билдирилган бундай юксак ишончга муносиб бўлишга астойдил ҳаракат қиламиз, – деди «Ниҳол» мукофотининг мумтоз қўшиқ ижрочилиги йўналиши бўйича совриндори Мухлиса Машрабова.

Тантанали тадбирда санъат усталари ва ижрочи ёшлар иштирокида катта концерт дастури намойиш этилди. Байрам муносабати билан турли давлатлардан юборилган табриклар видеороликлар шаклида намойиш этилди.

Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси А.Абдувоҳитов иштирок этди.

Назокат УСМОНОВА, ЎзА мухбири