Президент ҳузурида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг фаолияти ва 2022 йилдаги режалари муҳокамасига бағишланган йиғилиш давом этмоқда.

–Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги нафақат ўз таркибидаги корхоналар билан, балки барча тармоқ ва ҳудудларда рақамлаштириш ва ахборот технологиялари билан бевосита шуғулланиши шарт, – деди Президент.

Эндиликда вазирлик раҳбарияти ҳар ҳафта туманга, қишлоққа, маҳаллага, корхоналарга бориб, жойлардаги муаммоларни ўрганади ва ҳал этиб боради.

Ҳар бир вазирлик, идора ва ҳокимларнинг ITга масъул ўринбосари АКТ вазирига бўйсунади, уларнинг иши ҳар чоракда аниқ натижаларга қараб баҳоланади.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистонни минтақавий IT марказига айлантириш вазифасини қўйди. Бунинг учун:

– IT экспортини йил якунига қадар камида 100 миллион долларга етказиш;

– ички IT хизматлари ҳажмини йилига камида 50 фоизга ўсишини таъминлаш;

– жорий йилда қолган 6 та ҳудудда ҳам IT-паркларни тўлиқ ишга тушириш ва малакали кадрлар таъминлаш, қолганларида камида 20 тадан компаниялар фаолиятини йўлга қўйиш ва 5 минг нафар ёшларни юқори даромадли иш билан таъминлаш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Йиғилишда биринчи ярим йилликда 6 та (Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон, Жиззах, Сирдарё, Фарғона, Наманган), йил якунигача яна 8 та масофавий хизматлар марказини ташкил қилиб, хориждан буюртмалар олишни йўлга қўйиш топширилди.

Жаҳон IT бозорига чиққан камида 30 та йирик компанияларни мамлакатимизда фаолиятини йўлга қўйиш муҳимлиги айтилди.

Энг оғир ҳудудлар – Қорақалпоғистон, Андижон ва Сурхондарёда ахборот технологияларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги кўрсатиб ўтилди.

Икки ой муддатда хорижлик мутахассисларни жалб қилган ҳолда амалий лойиҳалар орқали 1 минг нафар ёшларнинг IT-паркларда малакасини ошириш тизимини йўлга қўйиш бўйича топшириқ берилди.

Йил бошидан хориждан 3 мингга яқин IT мутахассислар келган бўлиб, уларнинг асосий қисми шу ерда узоқ муддат қолиб ишлашни режа қилганлиги таъкидланди.

“Рақамли Ўзбекистон – 2030” дастурини амалга оширишни қатъий назорат қилиб боришга кўрсатма берилди.

Ҳозирги лойиҳаларни амалга ошириш муддатлари етарли даражада эмаслиги, АКТ вазирлигига бу борадаги иш услуби ва ёндашувларни ўзгартириш орқали:

– бир ой муддатда ҳамма вазирлик ва ҳудудлар билан лойиҳа режаларини қайта кўриб чиқиш;

–йил якунига қадар жами 404 та ҳудудий, 133 та тармоқ лойиҳаларни ишга тушириш топширилди.

Шунингдек, биринчи ярим йилликда 30 та, йил якунигача 40 та давлат хизматларини ягона порталга киритиш вазифаси қўйилди. Порталдаги хизматлар сони 376 тага етади.

Йил якунигача пенсияга ариза бериш, шахсий гувоҳнома олиш, суғурталаш каби 50 та хизматнинг мобиль иловаси яратилиб, уларнинг сони 150 тага етказилади.

Шу орқали давлат хизматидан онлайн фойдаланувчилар сони ҳозирги 1,5 миллиондан камида 4 миллионга етказилади.

ЎзА