14 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Венгрия Бош вазири Виктор Орбан билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.

Суҳбат аввалида Ўзбекистон етакчиси Венгрия Ҳукумати раҳбарини “ФИДЕС” – Христиан-демократик халқ партияси коалицияси ушбу мамлакат парламентига сайловда ғалаба қозонгани билансамимий табриклади.

Томонлар икки мамлакат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги билан бир-бирини табрикладилар.

Стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари, Венгрия Бош вазирининг ўтган йили март ойидаги Ўзбекистонга ташрифи якунида эришилган келишувлар ижросининг бориши батафсил муҳокама қилинди.

Фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, озиқ-овқат саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш тармоқларида кооперация лойиҳаларини амалга ошириш, банк-молия соҳасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди. Бўлажак олий даражадаги тадбирлар режаси кўриб чиқилди.

Суҳбат ҳар доимгидек самимий ва дўстона руҳда ўтди.