Италиянинг молиявий пойтахти сифатида эътироф этиладиган Милан шаҳрида кўчалар ва жамоат жойларида чекиш, бир неча истиснолардан ташқари, ман қилинди. Ушбу кескин чеклов “шаҳар ҳавоси сифатини яхшилаш”га қаратилган.

Бугундан кучга кирган тақиққа кўра, қоидабузарлар 40-240 евро оралиғида жаримага тортилади, деб ёзган «Euro News».

Маҳаллий ҳокимият вакиллари таъкидлашича, чора «махсус ихоталанган жойлар»га нисбатан қўлланмайди. Бундай манзилларда чекувчилар бошқалардан камида 10 метр масофада туриши керак.

2021 йил бошланган ташаббуснинг сўнгги босқичи ҳисобланган мазкур амалиёт, расмийлар фикрича, шаҳар аҳолиси саломатлигини “суст чекиш”нинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш мақсадини кўзлаган.

Қарор электрон  сигаретга тааллуқли эмас.

2020 йил шаҳар кенгаши қабул қилган ҳаво сифати тўғрисидаги низом, жумладан, чекишни босқичма-босқич тақиқлаш ва камайтиришни назарда тутади. Дастлаб Миланда жамоат боғи, болалар майдончаси, автобус бекати ва спорт иншоотларида чекиш тақиқланди.

Маълумотларга қараганда, ушбу шаҳар ҳаво сифати бўйича Европанинг энг ифлос шаҳарлардан бири саналади. Шунингдек, транспортдан чиқадиган юқори даражадаги чиқиндидан азият чекади. Мода ва саноат маркази сифатида ҳам машҳур бўлган Милан По водийсининг қоқ марказида жойлашган.

М.Пирматова, ЎзА