2025 йил 1 январь куни Москва вақти билан соат 08:00 дан бошлаб “Газпром” томонидан Россия газини Украина орқали Европага етказиб бериш имконияти техник ва ҳуқуқий жиҳатдан чекланди.

Бу ҳақда нефть-газ компанияси матбуот хизмати ижтимоий тармоқ орқали маълум қилди. Натижада Россия хом ашё сотишдан 5 миллиард евро, Украина эса транзит тўловидан бир миллиард еврога яқин даромадни йўқотади.

– 2019 йил 30 декабрда имзоланган “Газпром” ОАЖ ва Украинанинг “НАК Нафтогаз” компанияси ўртасида Россия газини Украина ҳудуди орқали ташишни ташкил этиш бўйича келишув, Россия газ узатиш тизими операторлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома, Украина – «Газпром» ОАЖ ва Украинанинг газ-транспорт тизими оператори МЧЖ» ҳужжатларининг амал қилиш муддати тугади, – дея таъкидлаган компания.

Транзит тўхташи сабаби Украина томонининг келишувни узайтиришдан бир неча бор бош тортгани билан боғлиқлиги айтилмоқда.

Аввалроқ «Reuters» агентлиги Россия энергетика ресурсларини алмаштириш бўйича барча саъй-ҳаракатларга қарамай, Европа газ етказилиши қисқариши оқибатини аллақачон ҳис қилгани ҳақида хабар берган эди. Хусусан, кўҳна қитъада иқтисодиёт кескин пасайиши, инфляция мунтазам ўсиши ва нарх ошиши инқирози кузатиляпти.