АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп “Truth Social” платформасида мамлакатдаги сўнгги хуружларга изоҳ бераркан, Қўшма Штатлар дунёнинг кулги объектига айланганини таъкидлаб, давлат раҳбариятини нўноқликда айблади. Бу ҳақда “Анадолу” ахборот агентлиги хабар бермоқда.
– Ўлкамиз ҳалокатли аҳволда, ҳозирда бутун дунё бизни масхара қилмоқда. Бу очиқ чегараларнинг натижаси ва амалда ҳеч қандай етакчилик йўқ, – деди у.
Унинг қўшимча қилишича, демократлар бундай воқеалар содир бўлишига йўл қўйганидан уялиши керак.
Маълумот ўрнида, АҚШ Янги йилни қатор ҳужумлар билан қарши олди.
2025 йилнинг эрта тонгида Янги Орлеандаги Бурбон кўчасида улов минган шахс ўз автомашинасини оломон устига ҳайдади ва натижада 15 киши ҳалок бўлди, 35 киши яраланди. Ҳужум қилган шахс Техаснинг собиқ ҳарбийси, 42 ёшли Шамсуддин Жаббор полиция томонидан отиб ўлдирилди.
Ўша куни Лас-Вегасдаги “Trump International” меҳмонхонаси яқинида “Tesla” автомобили портлаб, бир киши ҳалок бўлди, етти киши жароҳатланди.
М.Пирматова, ЎзА