Энергетика вазирлиги ва вазирлик ҳузуридаги «Ўзэнергоинспекция» томонидан EnergoWiki мобиль иловаси ишлаб чиқилди, деб хабар берди вазирлик матбуоти хизмати.

Мазкур илова истеъмолчиларга Энергетика вазирлиги ва унинг тизимидаги барча ташкилотлардаги сўнгги янгиликлар, онлайн мурожаат қилиш ва истеъмолчиларнинг саволларига тезкор жавоблар, тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа бир қатор қулайликларни тақдим этади.

Шунингдек, илова орқали электр энергияси ва газ учун онлайн тўлов тизими, ҳисоб-китоб ҳолати бўйича шахсий кабинет ойнаси каби хизматларни амалга оширилиши йўлга қўйилди.

Мазкур иловани GooglePlay тизими орқали телефонингизга бепул ўрнатиб олишингиз мумкин. Мобиль илова дастури автоматлаштирилган ҳолда янгилаб борилади.

Илова айни пайтда андроид операцион тизими учун мавжуд бўлиб, яқин кунларда IOS (AppStore) операцион тизими қурилмалари учун ҳам яратилади.

ЎзА