Жорий йилнинг январь ойида Бухоро шаҳридаги “Бухоронур” хусусий меҳмонхонасида илгари ҳеч кузатилмаган воқеа юз берди.

Хизмат муассасасида бир соатнинг нари-берисида унинг раҳбари Шаҳодат Очиловага тегишли 7 миллион сўмлик тилла тақинчоқлар ва Фарғона вилоятидан сайёҳатга келган меҳмон Хайрулла Султонов сумкасидан 2 миллион 200 минг сўм пул ғойиб бўлди.
Ғоят таажжубли ҳолат. Тақинчоқ ва пулларни ким олди?
Водийлик меҳмон ушбу ҳолат ҳақида Бухоро шаҳар ички ишлар бошқармасига ёзма мурожаат қилди.
Суриштирув-тергов ҳаракатлари давомида аниқланишича, Қашқадарё вилояти Деҳқонобод тумани Нодира номидаги маҳалланинг Гулистон кўчасида яшовчи 36 ёшли Абдували Абдураҳмонов Бухоро шаҳрига келади. Бу кимсани қадимий обидалару, бу ерда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари эмас, бошқа нарса қизиқтирган. У кечга яқин “Бухоронур” меҳмонхонасининг иккинчи қаватида жойлашади.
Одатда, ҳар қандай меҳмонхонага келган кишидан унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат талаб қилинади. Маъмурият шу тартибга мувофиқ ўзини Абдувоҳид деб таништирган (аслида Абдували) шахсдан паспорти сўралганда, у ҳозир ҳужжати ёнида эмаслиги ва эртага албатта тақдим этишини айтади. Иккинчи куни сўровга фурсат топилмайди ёки масала унутилади…
Хуллас, Абдували меҳмонхонада рўйхатдан ўтмасдан тунайди.
Кейинги кун у шаҳар кезиб, кечки пайт яна меҳмонхонага қайтади. Қарасаки, унга қарама-қарши хонада фарғоналик 3 нафар сайёҳ жойлашган. Бир оз вақт ўтгач, меҳмонхона соҳибаси ҳамроҳлигида водийлик меҳмонлар шаҳарга чиқишмоқчи бўлди. Қўналға мутасаддиси эса беозоргина бўлиб кўринган Абдували Абдураҳмоновга агар бирор жойга чиққудек бўлса, меҳмонхона эшиги (дарвозаси)ни қулфлаб кетишини тайинлаб, иккинчи захира калитини беради.
Кимлиги ҳам номаълум шахсга кўрсатилган бундай ишончу илтифот унинг учун айни муддао эди. Ёлғиз ўзи қолган меҳмон вақтни бой бермайди, хоналарни бир амаллаб очади….
“Бухоронур” соҳибаси ва меҳмонлар қайтиб келганида кириш эшиги қулфланган ва Абдували Абдураҳмонов бу ерни аллақачон тарк этган эди. Бу ҳолдан шубҳаланган Хайрулла Султонов хонадаги сумкасини кўздан кечиради. Не кўз билан кўрсинки, пул йўқ. Меҳмонхона соҳибаси ҳам жабрдийда бўлиб чиқди. Унинг яшаш хонасидаги тилла тақинчоқлар ҳам йўқолган эди.
Бухоро вилояти ички ишлар бошқармаси хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ходимлари томонидан олиб борилган бир неча кунлик тезкор суриштирув тадбирлари давомида Абдували Абдураҳмонов Тошкент шаҳрида қўлга олинди. Лекин бу орада у 7 миллион сўмлик тилла тақинчоқларни пойтахтдаги бозорлардан бирида 3 миллион сўмга сотишга улгурган экан.
Абдувалининг ёнидан унинг шахсини тасдиқловчи бирор-бир ҳужжат топилмади. Аммо осойишталик посбонлари бу кишининг кимлигию, унинг қилмишларини аниқлашди. “Бухоронур” мижози жиноий ишлари “достон” бўлгулик кимса экан…
Абдували Абдураҳмонов муқаддам, яъни 2013 йилда ўзи яшайдиган Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманида қинғир ишга қўл уриб, унга нисбатан жиноят ишлари бўйича ҳудудий суд томонидан 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш жазоси тайинланган экан. Аммо у жазони ўташдан бўйин товлаб, текин бойлик орттириш орзусида юрт кезади. Ўша йили Абдували Фарғона вилоятига йўл олади. Нияти бузуқлиги ички ишлар идоралари эътиборига тушганда аёнлашди. Бир неча жиноятларни содир этишда гумонланган Абдувалининг паспорти олиб қўйилди. Ўзи эса масалага ойдинлик киритилгунга қадар ҳудуддан чиқиб кетмаслик тўғрисида тилхат ёзди, лекин қонун талабини бузди. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 166- ва 168-моддаларида кўрсатилган жиноятларни содир этишда айбланган Абдувалига Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси томонидан қидирув эълон қилинган.
Одатда, тўғри йўлдан адашган киши унга тузалиш учун берилган имкониятлардан фойдаланади. Аммо Абдували бундайлардан эмас экан. Қинғир ишлардан тийилиш ўрнига жиноий хатти-ҳаракатларини давом эттираверди. Хайриятки, Бухорода қилган ўғрилиги унинг жиноий ишлари солномасидаги сўнгги саҳифа бўлди.
Албатта, адолат қарор топади. Абдували Абдураҳмоновга нисбатан жазо муқаррар. Аммо, айрим мулоҳазаларни жоиз, деб биламиз. Ёнида шахсини тасдиқловчи ҳужжати, аниқроғи, паспорти бўлмаган фуқарога меҳмонхона хизмати кўрсатиш мумкин эмас. Негаки, бундайлар орасида қинғир ишга қўл урган ва урадиган, қидирувдаги шубҳали шахслар бўлиши ҳеч гап эмас. “Бухоронур”даги ҳолат бунга мисол. Қолаверса, яна бир гап. Хизмат кўрсатиш шохобчаларида, жумладан, меҳмонхоналарда видеокузатув мосламалари ўрнатилиши шарт. Афсуски, “Бухоронур”да бунга эътибор қилинмаган.
Юқоридаги ҳолат нафақат меҳмонхона ходимларидан, балки ҳар биримиздан шубҳали кишилар билан муносабатда ҳушёр бўлишимиз зарурлигини кўрсатади.

 

Эркин Ёдгоров, ЎзА