Ислом Каримов – мустақил Ўзбекистон асосчиси

“Туркистон” санъат саройида Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фонди томонидан тайёрланган ва нашр қилинган “Ислом Каримов – мустақил Ўзбекистон асосчиси” китоб-альбомининг тақдимотига бағишланган “Оташ каби ёниб, ўзгалар йўлини ёрит” шиори остидаги тантанали маросим бўлиб ўтди.

33.JPGМаросимда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти девони, Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, Ўзбекистонда аккредитация қилинган дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар ваколатхоналари раҳбарлари, илм-фан, маданият, санъат намояндалари, ёшлар иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг рафиқаси, китоб-альбом лойиҳа муаллифи Т.Каримова, Ўзбекистон халқ артисти Г.Зокирова, Зулфия номидаги Давлат мукофоти, Ислом Каримов номидаги давлат стипендияси соҳибаси Д.Холжигитова, Ибройим Юсупов номидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернат ўқувчиси А.Қалибаева ва бошқалар буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Каримов бутун фаолиятини, ҳаётини Ватанимизнинг озодлиги, тинчлик-осойишталиги, халқимизнинг, айниқса, келажагимиз эгалари бўлган ёшларнинг бахтли ва фаровон ҳаёт кечириши, ўз орзу ва мақсадларини рўёбга чиқариши учун бахшида қилганини таъкидлади.

Ўта мураккаб ва таҳликали вазиятда мамлакатимиз мустақилликни қўлга киритгани ва ўтган йиллар давомида улкан ютуқ ва марраларга эришгани, халқимизнинг, айниқса, ёшларнинг бахтли ҳаёт кечириши, ўз орзу-истакларини рўёбга чиқариши ва ёруғ келажак сари интилиши халқимизнинг азиз фарзанди Ислом Каримовнинг жасорати, матонати, мардлик ва олижаноблик фазилатлари, ноёб истеъдоди, одиллиги ва донишмандлиги, узоқни кўра билиши ва Ватанимизга, халқимизга садоқати, унинг келажаги буюк бўлишига улкан ва қатъий ишончи туфайли рўй берди. Бундай буюк ва олижаноб инсоннинг хотирасига ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш ҳам шараф, ҳам фарздир. Зеро, Ватанимиз, халқимизга бутун борлиғини бахшида қилиб, фидойилик кўрсатиб яшаган Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг ибратли ҳаёти ва фаолияти халқимиз, айниқса, ёшларни ватанпарварлик руҳида, мустақилликка садоқатли қилиб тарбиялашга хизмат қилади.

34.JPG

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Биринчи Президентимиз хотирасини абадийлаштириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Тошкент, Қарши ва Самарқанд шаҳарларида Биринчи Президентимиз ҳайкаллари қад ростлади. У киши узоқ йиллар фаолият юритган Оқсарой қароргоҳи ёдгорлик мажмуасига айлантирилди. Тошкент халқаро аэропорти, йирик муассаса ва ташкилотлар, пойтахтимиз ва вилоят марказларидаги марказий кўчаларга Ислом Каримов номи берилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 27 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори халқимизнинг буюк фарзанди, мустақиллигимиз асосчиси Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг хотирасига юксак эҳтиромнинг яна бир намунаси бўлди.

1.JPG

Қарор ижросини таъминлаш юзасидан мамлакатимизда изчил ишлар амалга оширилди. Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фонди томонидан тайёрланган ва нашр қилинган “Ислом Каримов – мустақил Ўзбекистон асосчиси” китоб-альбоми ҳам қарор ижроси доирасида нашрдан чиқди.

Ушбу китоб-альбомда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг сўзбошиси келтирилган. Унда шундай сўзлар бор: “Вақт ва ҳаётнинг ўзи Ислом Абдуғаниевич Каримов замонамизнинг етук сиёсатчиси, дунёда ва турли минтақаларда юз бераётган ўта мураккаб воқеа-ҳодисаларнинг моҳиятини давлатчилик нуқтаи назаридан кўра оладиган, ўз юрти ва халқи учун, ҳар бир ватандошимизнинг тақдири учун улкан масъулият туйғусини теран ҳис этадиган атоқли раҳбар эканини ҳар томонлама тасдиқлади”.

Китоб-альбомда Биринчи Президентимизнинг турли йиллардаги фаолиятига оид ноёб суратлари, хорижий давлатлар раҳбарлари, давлат ва сиёсат арбоблари, турли соҳа вакилларининг Ислом Каримов ҳақидаги илиқ ва самимий дил сўзлари жой олган.

4.JPG

– Биринчи Президентимиз Ислом Каримов мустақилликнинг илк кунларидан буюк бобокалонимиз Соҳибқирон Амир Темурни халқимизга қайтарди, уни бутун дунёга буюк давлат арбоби, бунёдкорлик, илм-фан ҳомийси ва улуғ саркарда сифатида танитди, – дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси М.Аҳмедов. – Ўзи ҳам худди Амир Темур каби тинчликпарвар, адолатли сиёсат юритди, халқ манфаатлари, фаровон ва бахтли ҳаёт, ёруғ келажак йўлида умрини бахшида қилди. Ислом Каримовнинг хотираси бутун халқимиз қалбида мангу яшаб, келажак авлодга буюк ибрат мактаби бўлиб хизмат қилади.

Санъат намояндалари ижросида концерт дастури намойиш этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Р.Қосимов сўзга чиқди

 

Байрам Айтмуродов, Темур Мамадаминов (сурат), ЎзА