Покистон бош вазири Имрон Хон Украина президенти Владимир Зеленский билан телефон орқали гаплашиб, Украина можароси тезроқ якунланишига умид билдирди. Бу ҳақда чоршанба куни Pakistan Today газетаси Покистон ҳукумати раҳбарининг матбуот концеляриясига таяниб маълум қилди.
«Имрон Хон суҳбат чоғида Украинада ҳарбий ҳаракатлар ҳамон давом этаётганидан чуқур афсус билдирди ва Покистоннинг қатъий позицияси Украинадаги можаро тинч мулоқотлар ва дипломатия йўли билан ҳал этилишини қўллаб-қувватлашдан иборат эканини маълум қилди», – дейилади хабарда.
Покистон ҳукумати раҳбари суҳбат чоғида Украинадаги вазият бўйича Москва билан Киев мулоқотига ёрдам беришга тайёр эканини айтган. Унинг айтишича, Украинадаги можаро ривожланаётган мамлакатлар иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатмоқда, нефть ва бошқа товарлар нархи ошмоқда. Шунга қарамай, Покистон Украинага гуманитар ёрдам кўрсатишга тайёр.
Исломобод март ойида икки марта ёрдам жўнатди. Шунингдек, Имрон Хон Украина ҳукуматининг покистонлик талабалар, фуқаро ва дипломатларини уруш бўлаётган жойлардан кўчиришда ёрдам бергани учун Президент Зеленскийга миннатдорчилик билдирди.