“Ўзтрансгаз”: аҳолининг газ ёқилғисига бўлган эҳтиёжи қопланган

Миллий матбуот марказида “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти томонидан аҳолига мунтазам ва узлуксиз газ маҳсулотларини етказиб бериш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида журналистларга маълумот берилди.

“Ўзтрансгаз” АЖ бошқарма бошлиғи Акмал Эшонқуловнинг таъкидлашича, бугунги кунда 6 миллион 143 минг истеъмолчига газ ёқилғиси етказиб берилмоқда. Улардан 2 миллион 760 минг аҳоли хонадонлари суюлтирилган газдан фойдаланади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 22 июндаги “Республика иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳаларини 2017/2018 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар самарадорлигини таъминлашга хизмат қилмоқда. Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг ўтган даврида 105 километрдан зиёд газ қувурлари таъмирланди, 239,7 километр узунликдаги газ қувурлари реконструкция қилинди, 7 минг километрга яқин қувурлар босим остида синаб кўрилди.

Ўтган йил аҳолига 750 минг дона маиший газ баллонлар етказиб берилди. Жорий йилда яна 590 минг дона шундай баллонлар етказиб бериш режалаштирилган. Мутахассислар фикрича, бугунги кунда маиший газ баллонлар умумий сони 3,7 миллионга етиб, 2017 йилда 366,2 минг тонна суюлтирилган газ аҳолига етказиб берилган. Бу аҳолининг газ ёқилғисига бўлган эҳтиёжини қоплайди.

10.JPG

– Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 29 декабрдаги “Аҳолига кундалик ҳаётда истеъмол қилиш учун сотиладиган суюлтирилган газнинг республика бўйича ягона чакана нархини босқичма-босқич жорий этиш тўғрисида”ги қарорига биноан 2018 йил 1 апрелдан аҳолига сотиладиган 1 килограмм суюлтирилган газ нархи Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида 720 сўм, Фарғона водийси вилоятлари ва Тошкент вилоятида 700 сўм, қолган ҳудудларда 500 сўм этиб белгиланади. 2018 йил 1 августдан эса мамлакатимизнинг барча ҳудудларида суюлтирилган газнинг ягона чакана нархи жорий этилади. Хусусан, аҳолига 1 килограмм суюлтирилган газ 800 сўмдан етказиб берилади, – деди А.Эшонқулов.

“Ўзтрансгаз” АЖ мутахассислари журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.

 

Улуғбек Асроров, Отабек Мирсоатов (сурат), ЎзА