2018 йил 7 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғон билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.

Мулоқотда икки давлат раҳбарлари 2017 йил октябрь ойида Туркия Республикасига амалга оширилган олий даражадаги самарали ташриф кўп қиррали ва ўзаро манфаатли Ўзбекистон – Туркия ҳамкорлигини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиққанини мамнуният билан қайд этдилар.

Ушбу тарихий ташриф якунлари бўйича эришилган аниқ келишув ва имзоланган битимларнинг бажарилиши, жумладан, савдо-иқтисодий, инвестициявий, технологик, банк-молия, транспорт, туризм ва бошқа муҳим соҳалардаги йирик қўшма лойиҳаларни тайёрлаш ҳамда амалга ошириш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.

Мазкур келишувларни ҳаётга тўлиқ ва ўз муддатида татбиқ этиш, муҳим лойиҳаларни жадаллаштириш мақсадида икки давлат ҳукуматлари ўртасида мунтазам равишда мулоқотлар олиб борилиши ва учрашувлар ўтказилиши юзасидан келишиб олинди.

Режеп Таййип Эрдўғон Ўзбекистонда Туркия фуқаролари учун 30 кун муддатга визасиз режим жорий этиш бўйича қарор қабул қилинганини юксак баҳолаб, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевга самимий миннатдорлик билдирди.

Ўзбекистон Президенти мазкур қарор олий даражадаги учрашувлар доирасида эришилган келишувларнинг амалий натижаси эканини алоҳида қайд этди. Бундай қарор қабул қилиниши савдо-иқтисодий, инвестиция ва туризм соҳаларида янги имкониятлар яратишга хизмат қилиши ва, энг асосийси, қардош халқлар ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаб, Туркия фуқароларининг Ўзбекистонга келишлари учун кенг йўл очиб беришини таъкидлади.

Мулоқотда халқаро ва бошқа долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Давлатимиз раҳбари Туркия Республикаси делегациясини минтақада тинчлик, осойишталик ва барқарор тараққиётни таъминлаш мақсадида жорий йил март ойида Тошкент шаҳрида ўтказилиши режалаштирилаётган Афғонистонда тинчликка эришиш бўйича халқаро конференцияга таклиф этди.

Ўз навбатида, Режеп Таййип Эрдўғон ушбу ташаббусни юксак баҳолаб, уни амалга оширишни тўлиқ қўллаб-қувватлаши ҳамда мазкур тадбирда Туркиядан юқори даражадаги вакиллар иштирок этишини билдирди.

Мулоқот сўнггида давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги азалий дўстлик ва қардошлик алоқалари ҳамда анъанавий яқин ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантириш ва мустаҳкамлашга тайёр эканларини яна бир бор тасдиқладилар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғонга мамлакатимизга давлат ташрифи билан келишни таклиф этди.

 

ЎзА