Энди Зулфия номидаги Давлат мукофоти 30 ёшгача бўлган қизларга берилади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1999 йил 10 июндаги Фармонига мувофиқ Зулфия номидаги Давлат мукофоти 14 ёшдан 22 ёшгача бўлган иқтидорли қизларга Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг биттадан вакилаларига берилган эди.
Эндиликда Зулфия номидаги Давлат мукофотини ўн тўрт ёшга тўлган ва ўттиз ёшдан ошмаган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан икки нафар талабгорга бериш белгиланди.
Янги тартибга мувофиқ, умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасаларининг Зулфия номидаги Давлат мукофоти лауреатлари бўлган ўқувчилари бакалавриатга, бакалавриат талабалари эса олий таълим муассасалари магистратурасига тегишли йўналиш ва ихтисослик бўйича кириш синовларисиз давлат грантлари асосида қабул қилинади.
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида келтирилмоқда.
Фармоннинг тўлиқ матни сайтимизда эълон қилинади.

 

ЎзА