Яқинда Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратураси, Ички ишлар ва Адлия вазирликлари, Олий Суд, Давлат Божхона ва Солиқ қўмиталари раислари уч кун давомида Қорақалпоғистон Республикасининг барча шаҳар ва туманларида, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларида, меҳнат жамоатларида сайёр қабуллар ўтказди.

Ушбу сайёр қабулда Ўзбекистон Ички ишлар вазирига мурожаат қилган фуқаро ўз ишига қайта тикланишига муваффақ бўлди.

– Кўп йиллардан буён Ички ишлар органида хизмат қилдим,-дейди ички ишлар хизмати капитани Музаффар Сабуров. – 2012 йилда билиб-билмаган ҳолда ўзим бошқарган машинани авария қилиб олдим. Шу боис ишдан олинган эдим. Вазир қабулида бўлиб, масалани тушунтириб, ишга қайта қабул қилишни илтимос қилгандим. Мурожаатим қаноатлантирилиб, Ички ишлар органига қайта ишга олинадиган бўлдим. Бундан қувончим чексиз.

Иш билан таъминлаш масаласида Ўзбекистон Бош Прокуратурасига мурожаат қилган Мўйноқ туманида истиҳомат қилувчи Инамжан Опаев эса Мажбурий ижро бюросига ишга қабул қилинган, шунингдек, Мўйноқ ва «Тикўзак» қишлоқ пунктлари орасида йўловчилар автотранспорти йўналишини йўлга қўйишни сўраган фуқароларнинг ҳам мурожаати қаноатлантириладиган бўлди.

 

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги