Коронавирус пандемияси ва глобал иқтисодий пасайиш саҳнида озиқ-овқат инқирозининг эҳтимолий кучайиши жаҳон ҳамжамиятининг алоҳида ташвишланишига сабаб бўлмоқда.
БМТнинг башоратига кўра, йил охиригача глобал очарчиликнинг ўсиши кутилмоқда. Ҳозирги вақтнинг ўзидаёқ 820 миллион аҳоли, яъни сайёранинг ҳар 9 кишиси етарли миқдорда егуликка эга эмас. Бу йили COVID-19 инқирози туфайли яна 49 миллион киши ўта қашшоқлик домига тушиши мумкин. Озиқ-овқат ёки озиқланувчи моддаларнинг ўткир етишмовчилигини ҳис қиладиган одамлар сони ўсишда давом этади. Жаҳон ялпи ички озиқ-овқат маҳсулотининг ҳар бир фоизли пунктга пасайиши ўсишдан тўхтаб қоладиган болалар сонининг 0,7 миллионга кўпайишини англатади.
БМТ Озиқ-овқат дастури бош директори Ц.Донгюнинг қайд этишича, самарасиз сиёсий қарорлар, жумладан, айрим мамлакатлар томонидан озиқ-овқат экспортининг чекланиши озиқ-овқат танглигини келтириб чиқаради ва кенг миқёсли гуманитар ҳалокатга олиб келади.
Коронавирус пандемияси шароитида гуруч экспортини тўхтатган Вьетнам, ун, гречка ва сабзавотлар, жумладан, пиёз, сабзи ва картошка экспорт қиладиган Қозоғистон, гречка, пиёз ва саримсоқпиёз экспорт қиладиган Беларус, лимон экспорт қиладиган Туркиянинг ҳаракатлари жаҳон бозори учун салбий бўлмоқда. Бундан ташқари, жаҳонда гуручнинг истеъмолчиси Хитой – унинг айрим навларининг харид қилиш нархини оширди ва захираларни шакллантириш учун рекорд ҳажмда сотиб олишни режалаштирмоқда. Россия ҳам муҳим харидорлар томонидан сўров мавжудлигига қарамай, дон сотишни тўлиқлигича чеклади.
Бундан ташқари, йирик озиқ-овқат ишлаб чиқарувчилар – АҚШ, Хитой, Ҳиндистон ва Россия – Жаҳон савдо ташкилоти доирасида ишлаб чиқилган ташаббусларга, жумладан: а) озиқ-овқат етказиб бериш занжирини сақлаб туришни очиқ қолдириш; б) озиқ-овқат маҳсулотларига асосланмаган савдо чекловларидан воз кечиш; в) ҳар қандай фавқулодда чекловларни қўллашда мутаносибликни ва муваққат доираларни сақлаб қолиш каби ташаббусларга қўшилишдан бош тортди.
Ўзининг қўшма баёнотида БМТ озиқ-овқат дастури ва Жаҳон савдо ташкилоти глобал савдо ва озиқ-овқат хавфсизлигини таҳдид остида қолдирадиган пандемияга қарши курашга қаратилган чоралар хавфидан огоҳлантирди. Қайд этилишича, озиқ-овқат билан етарли таъминлашдаги ишончсизлик глобал бозорда тақчилликни яратиб, экспорт чекловлари тўлқинини туғдириши мумкин.
Шаксиз, бугун озиқ-овқат хавфсизлиги Ўзбекистон миллий хавфсизлигининг муҳим унсури ҳисобланади. У ёки бу давлатнинг муваффақияти кўп жиҳатдан халқаро вазиятдан қатъий назар, аҳолининг барча қатламларини фаол ва соғлом турмуш тарзини олиб бориш учун зарур хавфсиз, сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашга боғлиқ.
Қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг энг устувор йўналишларидан бири – Ўзбекистон иқтисодиётининг муҳим сектори бўлиб, ички бозорни озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдириш, уларни ишлаб чиқариш соҳасида ўз-ўзини таъминлашга эришиш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳисобланади.
Охирги уч йил ичида мамлакатимизда агросаноат мажмуаси соҳасида кенг миқёсли ислоҳотлар ва сифат ўзгаришлари ўтказилди, замонавий институционал база яратилди.
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ, Қишлоқ хўжалиги ва сув хўжалиги вазирликлари, Фермер, деҳқон хўжаликлари кенгаши ва томорқа участкалари эгалари ҳамда уларнинг минтақавий бўлимлари ташкил этилди. 2020-2030 йилларда Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантириш с
тратегияси, қишлоқ хўжалигида ер ва сув ре
сурсларидан самарали фойдаланиш бўйича Концепция ва бошқа ташкилий-ҳуқуқий чоралар қабул қилинди.
Бундан ташқари, 2018 йилда Президентимизнинг «Мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини янада таъминлаш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони қабул қилинди. Фармонда бозорни сифатли, хавфсиз ва мақбул озиқ-овқат билан тўлдириш бўйича чораларни кўзда тутган “Озиқ-овқат хавфсизлиги тўғрисида”ги Қонунни қабул қилиш вазифаси қўйилган.
Экин майдонларини оптималлаштириш ва қишлоқ хўжалиги экинларини кенгайтириш, кластер тизимларини жорий этиш, балиқчилик, асалчилик ва паррандачилик каби муҳим йўналишларни жадал ривожлантириш, замонавий иссиқхона хўжаликларини барпо этиш аҳолининг турмуш даражасини сезиларли даражада кўтаришга имкон берди. Буларни бари ўзбекистонликларни сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш мақсадида ҳар томонлама ўйланган ва узоқни кўзлаган сиёсатининг яққол самараси ҳисобланади.
Мазкур шароитларда озиқ-овқат хавфсизлиги билан таъминлаш бўйича келишилган янги халқаро саъй-ҳаракатларни ишлаб чиқиш долзарблашмоқда. Шу муносабат билан БМТ Бош котиби А.Гутерришнинг 2021 йилда озиқ-овқат тизимлари бўйича Саммитни чақириш тўғрисидаги таклифи долзарб аҳамият касб этади. Бу халқаро ҳамжамиятга бутун дунё бўйича озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш юзасидан янги механизмларни муҳокама қилиш ва ишлаб чиқишга имкон беради.
БМТ Бош котиби А.Гутерриш барча фуқароларни саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва истеъмол қилишга ёндашувни тубдан ўзгартиришга чақирди. 2021 йилда озиқ-овқат тизимлари бўйича саммит – бу нафақат навбатдаги тадбир, балки бу 2030 йилга келиб барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш борасидаги халқаро саъй-ҳаракатларда бурилиш лаҳзаси бўлишига шубҳа йўқ.
Шу муносабат билан саммитни ўтказишни қўллаб-қувватлаш ва унда Ўзбекистоннинг иштироки бир томондан, жаҳон ҳамжамиятига мамлакатда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича Ўзбекистон раҳбарияти бошчилигида ўтказилаётган сиёсатни етказиш, бошқа томондан, қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, қуёнчилик ва бошқа соҳаларда қўшимча чораларни амалга ошириш йўлида халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтиришга имкон беради.