Покистонда “Шавкат Мирзиёев – узоқни кўра биладиган давлат арбоби” (“H.E. Shavkat Mirziyoyev a visionary statesman”) таҳлилий мақолалар тўплами нашр этилган.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида мазкур тўпламнинг тақдимоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабарида маълум қилинган.

Хабарга кўра, Исломободдаги Глобал ва стратегик тадқиқотлар маркази томонидан Ўзбекистон элчихонаси билан ҳамкорликда нашрга тайёрланган китобга Покистоннинг таниқли экспертлари, олимлари ва ёш тадқиқотчилари томонидан ёзилган 14 та таҳлилий мақола киритилган.

Тадбирда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Фурқат Сидиқов сўзга чиқиб, ушбу китобнинг нашр этилиши Покистон ижтимоий-сиёсий ва эксперт-таҳлил доиралари вакиллари ҳамда дунё ҳамжамиятининг Янги Ўзбекистонга бўлган катта қизиқишини ифодалашини таъкидлади.

Янги тўплам Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ва демократик ўзгаришлар натижалари, давлатимиз раҳбарининг конструктив ташқи сиёсати, минтақавий ва глобал аҳамиятга молик ғоялари, жумладан, Тошкентда Марказий ва Жанубий Осиё минтақавий ўзаро боғлиқлиги мавзусига бағишлаб ўтказилган халқаро конференцияда илгари сурган 10 та ташаббуси мазмун-моҳиятига бағишланган.

Тошкентда Ўзбекистон Президенти сайловида халқаро кузатувчи сифатида бўлиб турган Глобал ва стратегик тадқиқотлар маркази ижрочи директори Ҳолид Таймур Акром таҳлилий мақолалар китобини тақдим этар экан, Покистон кенг жамоатчилиги Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ислоҳотчилик сиёсатига катта қизиқиш ва чуқур эҳтиром билан муносабатда экани ҳамда уни чуқур ўрганаётганини таъкидлади.

Китобнинг биринчи қисми “Ўзбекистон Президент Шавкат Мирзиёевнинг изчил раҳбарлиги даврида” деб номланиб, жамият ҳаётининг турли жабҳаларида амалга оширилган ислоҳотлар ва ўзгаришларнинг натижаларини акс эттирувчи бешта таҳлилий материалдан ташкил топган.

“Ўзбекистон ташқи сиёсати йўналишлари” деб номланган иккинчи қисмда мамлакатимизнинг минтақавий ва халқаро муносабатлардаги мавқеи, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган ўзаро манфаатли кўп томонлама янги ташаббусларнинг аҳамияти, шунингдек, Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатининг мақсадларига бағишланган учта таҳлилий мақола ўрин олган.

Китобнинг “Марказий ва Жанубий Осиёнинг минтақавий ўзаро боғлиқлиги: Президент Шавкат Мирзиёевнинг буюк ташаббуси” деб номланган учинчи қисми Ўзбекистон раҳбари томонидан жорий йил июль ойида Тошкентда бўлиб ўтган халқаро конференцияда минтақавий ўзаро боғлиқлик алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилган ташаббусларига бағишланган.

Китобда жамланган материаллар бундан аввалроқ Покистоннинг “Islamabad Post”, “Diplomatic News Agency”, “Centreline”, “National Herald Tribune” каби етакчи газета ва журналлари, уларнинг веб-сайтлари, таҳлил марказларининг махсус рисолаларида чоп этилган.

 

Муҳтарама Комилова,

ЎзА