Президентимизнинг 2024 йил 9 январдаги “Тадбиркорлик соҳасидаги мажбурий талабларни қисқартириш ҳамда лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига кўра, тадбиркорларга янада қулайликлар яратиш мақсадида жорий йил 1 мартдан бошлаб 16 та лицензия ва рухсатномалар бекор қилинади.

Хўш, мазкур фармон билан тадбиркорларга қандай қулайликлар яратилмоқда? Бу ҳақда Бизнес-омбудсман девони ахборот хизмати раҳбари Гулжамол Шукурова қуйидагиларни маълум қилди.

– Фармонга кўра, 7 турдаги рухсат берувчи ҳужжат тўлиқ бекор қилинади ҳамда 6 турдаги рухсат берувчи ҳужжат бирлаштириш йўли билан бекор қилинади. 3 та лицензия ва рухсатнома хабарнома тартибига ўтказилади.

Шунингдек, фармон билан тадбиркорларга бир қатор қулайлик яратилмоқда. Жумладан, эндиликда чиқиш туризмини амалга оширмоқчи бўлган тадбиркор 15 минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағларни Хавфсиз туризм жамғармасига захира қилиб қўйиши шарт эмас. Ёки бўлмаса транспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш фаолиятини ташкил қилмоқчи бўлган субъектнинг жойи йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан белгиланиши шарт бўлмайди.

Шу билан бирга,  меҳмонхоналарни сертификатлаштириш учун аризага кадарстр ҳужжатларини талаб қилиш кабилар бекор қилинмоқда. Тадбиркорлар томонидан жарималарнинг ўз вақтида тўланишини рағбатлантириш учун лицензиялаш ва рухсат бериш соҳасидаги қонунбузилиш содир этганлик учун молиявий жариманинг 50 фоизини 15 кун, 70 фоизини 30 кун ичида тўлаганда, қолган қисмини тўлашдан озод этилиши белгиланди.

–Тадбиркорларга “Бизнесга лицензиясиз кириш” махсус режими қандай қулайлик беради?

–“Бизнесга лицензиясиз кириш” махсус режими тадбиркорга маълум бир фаолият тури билан уч ойгача бўлган вақт оралиғида ҳеч қандай лицензия ва рухсатномасиз шуғулланиш имконини беради. Бу режим тадбиркорларга ўз фаолиятини йўлга қўйиб олиш, синов тариқасида ишга тушириш ва тегишли рухсатсиз фаолият олиб борганлик учун жавобгарликка тортилмасликни  кафолатлайди.

Янги фармонга кўра, 2024 йил 1 мартдан бошлаб 2025 йил 1 январга қадар ҳуқуқий эксперимент тариқасида рентген ускунасидан фойдаланиш ва ветеринария лаборатория-диагностика ишларини амалга ошириш фаолиятини бошлаш учун мазкур режим жорий этилади.

Махсус режим доирасида уч ойгача муддат давомида ушбу лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни олмасдан ваколатли органни “Лицензия” ахборот тизими орқали бепул хабардор қилган ҳолда амалга оширишга рухсат этилади. Хабарнома белгиланган тартибда юборилганидан бошлаб уч ойгача муддат давомида тадбиркорлик субъектлари ва уларнинг мансабдор шахслари фаолиятни лицензиясиз ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатсиз амалга оширганлик учун жавобгарликка тортилмайди

Гулноза Бобоева, ЎзА