Россиянинг «Культура» телеканали Ўзбекистонда, жумладан, Қорақалпоғистонда маданият ва санъатнинг ривожланиши хусусида 39 дақиқадан иборат ҳужжатли фильмни тасвирга олиш мақсадида Нукусга ташриф буюрди.
Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ва Россиянинг «Культура» телеканали ижодий гуруҳ аъзолари ўз ишини 30 ноябрь куни И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейида рус ва ўзбек рассомларининг портрет жанри бўйича ташкил қилинган кўргазма билан танишишдан бошлади.
Қорақалпоғистон ҳудудида тарихий-маданий ёдгорликлар жуда кўп. Улар дунёнинг кўплаб мамлакатларидан келаётган сайёҳларнинг эътиборини ўзига жалб қилмоқда.
Музейдан ташқари ҳужжатли фильм объектлари сифатида Нукус маданият ва санъат коллежи ёш художникларининг ижодлари билан танишиш ва Хўжайли шаҳридаги «Миздакхан» эсдалиги танланган. Шунингдек, «Культура» телеканали ижодий гуруҳи Мўйноқ туманида ҳам бўлди.
Ижодий гуруҳнинг мазкур тадбирлари ҳужжатли фильмни тасвирга олишнинг биринчи босқичи бўлиб, кейинги босқич эса, келгуси йилнинг март ойида давом эттирилади.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг апрель ойида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Россия Федерациясига ташрифи доирасида И.В.Савицкий номидаги қорақалпоқ давлат санъат музейи томонидан Москвадаги А.С.Пушкин номидаги тасвирий санъат музейида (5 апрельдан 31 майгача) «Нукус хазинаси» номли кўргазма ташкил қилинган эди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги