Ижтимоий тармоқларда медиа маҳсулотларни «маънавий экспертиза»дан ўтказиш жорий этилгани юзасидан хабарлар тарқалмоқда.

Адлия вазирлиги томонидан мазкур масала ўрганилганда, унда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига дахл қилувчи умуммажбурий кучга эга бўлган ҳуқуқий нормалар белгилангани аниқланди.

– Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, вазирлик ва идораларнинг шундай турдаги ҳуқуқий ҳужжатлари Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим, – деди Адлия вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Шоҳида Йўлдошева. – Давлат рўйхатидан ўтказилмаган бу турдаги ҳужжатлар тегишли ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин эмас ҳамда ҳуқуқий оқибатларга олиб келмайди. Шу боис, медиа маҳсулотларни «маънавий экспертиза»дан ўтказишни жорий этиш тўғрисидаги қарор ушбу ҳужжатни қабул қилган органлар томонидан бекор қилингани ва ижродан чақириб олинганини маълум қиламиз.

Шу билан бирга, Маънавият ва маърифат маркази мутахассислари томонидан турли манбаларда тарқатилган медиа маҳсулотларнинг амалдаги қонунчиликка зидлиги аниқланган тақдирда уларни бартараф этиш юзасидан таҳлилий фикрлар тарзида ваколатли органларга белгиланган тартибда таклиф киритиб бориш мақсадга мувофиқлиги ҳақида тавсиялар берилди.

Н.Абдураимова,  

ЎзА