Марказий банкнинг Банк назорати қўмитаси жорий йилнинг ноябрь ойидаги йиғилишларида 32 та масалани кўриб чиқди ва тегишли қарорлар қабул қилди.

Рўйхатга олиш ва рухсат бериш йўналишида 13 та масала, шу жумладан, кредит ташкилотлари уставига киритилган ўзгартиришларни рўйхатдан ўтказиш, банкларда аудит ўтказиш ҳуқуқини бериш учун аудиторлик малака сертификатини тақдим этиш, кредит ташкилотларининг устав фондидаги улушига эгалик қилиш учун рухсат бериш ҳамда тижорат банклари кузатув кенгаши ва бошқаруви аъзолари ҳамда муҳим аҳамиятга эга ходимларининг номзодларини кўриб чиқишга доир масалалар кўрилди.

Регулятор томонидан тижорат банклари, микромолия ташкилотлари ва тўлов ташкилотларида ўтказилган ўрганишлар натижасида аниқланган қоидабузарликлар учун 22 та банк ва 3 та тўлов ташкилоти чора ва санкциялар қўлланилиши тўғрисида огоҳлантирилган.

Шу билан бирга, амалдаги қонунчилик, Марказий банк томонидан ўрнатилган иқтисодий меъёрлар талаблари ҳамда кўрсатмаларига риоя қилинмагани, шунингдек, ўрганиш ва инспекция текширувлари давомида аниқланган қоидабузарликлар учун 8 та банк, 7 та тўлов ташкилоти ва 12 та микромолия ташкилотига нисбатан жарима санкцияси қўлланилди.

Бундан ташқари, Банк назорати қўмитасининг тегишли қарори билан 7 та банк 2025 йил учун тизимли аҳамиятга молик банклар сифатида белгиланди.

Ш.Маматуропова,  

ЎзА