Оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда аёллар муаммосига оид турли лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида аҳамият қаратилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова ҳамда Осиё тараққиёт банки вакилларининг учрашуви бўлиб ўтди.
Мазкур мулоқотдан кўзланган мақсад амалга оширилиши мумкин бўлган лойиҳалар, ҳамкорликнинг истиқболларини муҳокама қилиш, икки томонлама ҳамкорлик йўналишларини кенгайтиришдан иборат.
Учрашувда меҳмон томондан жорий этилиши кўзда тутилаётган Техник кўмак лойиҳаси тақдимот қилинди.
Қўмита ва унинг 14 та ҳудудий бўлинмаларининг камида 30 нафар ходими учун гендер бюджетлаштириш, гендер аудити, гендерга асосланган тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш бўйича тренинглар ўтказиш кўзда тутилмоқда.
Шу билан бирга, Маслаҳат кенгашларининг иш фаолияти самарадорлигини оширишга кўмаклашиш, давлат органлари Маслаҳат кенгашларининг ишларини режалаштириш бўйича амалдаги йўриқномаларини, гендер фаолияти дастурини кўриб чиқиш ва янгиланган, такомиллаштирилган йўриқномаларни тайёрлаш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.
Гендер масалалари бўйича келгуси ҳамкорлик учун тавсиялар ишлаб чиқиш ҳақида суҳбатлашилди.
Учрашув якунида Бош вазир ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова халқаро молия институти томонидан тавсия этилаётган лойиҳалар қўллаб-қувватланиши ҳамда тегишли таклиф ва тавсиялар билдирилишини маълум қилди.
Н.Усмонова,
ЎзА