Бу жараёнга тайёргарлик қандай кетмоқда?
2025 йил 1 январдан бошлаб жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш масаласи жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида алоҳида судьялар – тергов судьялари томонидан кўриб чиқилади. Яъни, тергов судьялари фаолият бошлайди.
Бу давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 10 июндаги “Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгиланган.
Олий судда тергов судьяси институти жорий этилиши доирасида амалга оширилган ишлар, тергов судьяларининг вазифалари ва асосий йўналишлари билан боғлиқ масалалар бўйича матбуот анжумани ўтказилди.
Олий суд раисининг ўринбосари Икром Муслимов фармондан келиб чиқадиган вазифаларга тўхталиб ўтди.
Қайд этилишича, фармон билан “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Манфаатдор идоралар билан келишилиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилди.
Тергов судьяси лавозими жорий этиладиган жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларига тегишли штатлар ажратилиб, 2024 йилнинг 18 октябрь куни Иқтисодиёт ва молия вазирлигида рўйхатдан ўтказилди. Ҳозирги кунда 236 нафар тергов судьялари тайинланди.
Олий суд томонидан халқаро ташкилотлар кўмагида тергов судьяси институти жорий этилган илғор хорижий мамлакатлар, хусусан, Словения ва Германия экспертлари иштирокида семинар-тренинглар ташкил этилди.
Унда тергов судьялари ва прокурорларнинг жиноят процессидаги вазифалари ва мажбуриятлари, судга қадар иш юритиш жараёнларида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш бўйича Европа давлатлари тажрибаси ҳамда бу борадаги суд амалиёти тўлиқ тушунтирилди.
Тергов судьяси институтининг мазмун-моҳиятини чуқурроқ ўргатиш мақсадида ҳудудларда учрашувлар, давра суҳбатлари ва маҳорат дарслари ташкил этилди. Ҳудудларда ўтказилган малака ошириш тадбирларида судьялар, терговчилар ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари иштирок этди.
Ҳозирги кунда Олий суд, Судьялар олий кенгаши ва Судьялар олий мактаби билан биргаликда жойлардаги судьялар, терговчи, прокурор, адвокат ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг билим ва амалий кўникмасини ошириш юзасидан семинар машғулотлари режаси ишлаб чиқилган.
2025 йилнинг 1 январь кунига қадар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ушбу тадбирларни ўтказиш режалаштирилган.
Н.Абдураимова,
ЎзА