6-7 ойлик чақалоқ жияним олдида телефон турса, кўзлари чақчайиб, телефонга қараб интилади, митти қўл-оёқчалар ҳам тезлашиб, унга томон жон-жаҳди билан ҳаракат қила бошлайди. Агар телефонга етиб боролмаса ёки қўлига бир тутқазишмаса, ана қий-чувни кўринг. Токи қўлига шу матоҳни бир олмагунча тинчимайди.
Аслида бугун мобил телефонлар ёшу катта барчамизнинг энг асосий қуролимиз, кўмакчимиз, овунчоғимиз бўлиб қолди. Усиз кунимизни, ҳатто бир соатимизни тасаввур қилолмаймиз. Бир муддат кўзимиздан узоқда қолса, уни қидиришга тушамиз.
Дарҳақиқат, мобил телефоннинг яратилиши техника асрининг чексиз имкониятлари, ютуғи бўлди. Аммо унинг салбий томонлари ҳам борлигини унутмаслигимиз керак. Инсонлар чексиз интернет, чексиз телефон имкониятларига ўрганиб қолиб, виртуал оламда соатлаб гаплашяпти. Оқибатда билиб-билмай саломатликка жиддий хавф солинмоқда.
— Мобил телефондан чиқаётган нур инсон мия ҳужайраларига жиддий таъсир қилиб, уни турли хавфли касалликларга дучор этади, — дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Саломатлик ва стратегик ривожланиш институти бош мутахассиси С.Муллаева. — Уяли телефонни ёш болалардан узоқда тутиш керак. Чунки айниқса, болалар учун уларнинг хатари кучли. Боланинг бош мияси электромагнит энергияларини катталарга қараганда кўпроқ ютади ва кучли таъсирланади. Шу боис, уларнинг ақлий ривожланиши учун масъул ҳисобланган бош мия бўлмачалари ҳам электромагнит тўлқинлари таъсиридан жиддий зарар кўради. Шунинг учун мобил телефондан фойдаланувчи болалар инсоният тарихида биринчи марта радиотўлқинли диапазондаги электромагнит майдонининг зарарли таъсиридаги “хатарли гуруҳ”га киритилмоқда.
Сўнгги пайтларда ёш оналар болаларига мультфильмлар ва расмларни томоша қилишлари учун уяли телефонларни соатлаб бериб қўйиб, уларни юпатяптилар. Бу билан ўз фарзандларининг, ўсиб келаётган ёш организмнинг нурланишига йўл қўймоқдалар, мия фаолиятининг аста-секин бузилишига мойиллик туғилишига сабабчи бўлаяптилар. Бу ҳолат доимий такрорланадиган бўлса, болалар ёшлигидан инжиқ, йиғлоқи, уйқуси нотинч ва бақироқ бўлиб қолади. Катта бўлгани сари тез чарчайдиган, иммун тизими заифлашиб, тез-тез шамоллайдиган бўлиб қолади, кўзнинг кўриш қобилияти пасайиши кузатилади.
Айниқса, мактаб ёшидаги болалар дарсларда диққат-эътиборини жамлашга қийналиб, ўзлаштириши пасаяди. Бора-бора ўсмирлик даврида уяли телефонга муккасидан кетиб, асабий, тажанг бўлиб қолади, тезда чарчаш ҳолатлари кузатилади. Бу эса ривожланаётган ёш организм учун касалликларга мойилликни келтириб чиқаради.
Инсон танасининг электромагнит нурланишларга энг таъсирчан қисми бош бўлиб, айнан шу соҳада сўзлашув олиб борилади. Шунинг учун у инсонда нурланиш жараёни тезлашишини янада орттиради. Дунёда ҳар 20 та инсондан биттаси мобил алоқа нурланиши қурбонига айланмоқда. Мутахассислар инсоннинг сўзлашув жараёнидаги қон босимини ўлчаганида, ҳар хил ёшдагиларда артериал қон босими кўтарилиши ҳам аниқланган, — дейди мутахассис.
Дарҳақиқат, мобил телефонларнинг фойдали ва қулай томонлари билан бирга, жуда кўп салбий таъсирлари ҳам борлигини ҳаммамиз яхши биламиз. Аммо шунга қарамай, ундан нотўғри фойдаланишда давом этаверамиз.
Немис мутахассислари камерали ва камерасиз уяли телефонларда электромагнит нурланиши бўйича тест ўтказишганда, камерали телефонларнинг нурланиши содда уяли телефонларга қараганда кўпроқ бўлганини аниқлашган.
Мутахассисларнинг фикрига кўра, нурланиш асосан уяли телефондан сўзлашув вақтида чиқади. Телефондан фойдаланаётган инсонга унинг таъсири 15 сонияга қадар сезилмайди. Агар сўзлашув ва фойдаланиш вақти ошса, яққол ўзгариш сезилади. Чунки альфа тўлқинлар мия фаолиятини ёмонлаштиради ва ўзининг тўлқин хусусиятларини намоён қила бошлайди.
Шундай экан, мобил телефонлардан фойдаланишда эҳтиёт чораларини кўриш, яъни зарур ҳоллардагина мобилникдан фойдаланишга ҳаракат қилиш, ухлаётганда телефонни ёнига қўймаслик, гаплашаётганда уни бошга яқин тутмаслик ва энг муҳими, болаларга овунчоқ сифатида бериб қўймаслик лозим.
Кундалик зарурат ва эҳтиёжларимиз учун қулай бўлган телефонлар ҳаётимизга, саломатлигимизга зиён етказувчи бўлмаслигига одатланишимиз мақсадга мувофиқдир.
Муҳтарама Комилова, ЎзА