Муносабат

Ижтимоий ҳимоя соҳасидаги ишлар натижадорлиги  ва 2025 йил учун устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилишда давлатимиз раҳбари томонидан билдирилган таклиф ва ташаббуслар янги Конституциямизда ифода этилган “ижтимоий давлат” тамойилининг  ёрқин ифодаси бўлди.

Президент бу йил ижтимоий ҳимоя бўйича қилинган 34 та муҳим янгиликка  қўшимча 28 та янги ташаббусни  илгари сурди. Келгусида 1 миллион 200 минг аҳолини  камбағалликдан чиқариш учун таълим, тўгарак, касб-ҳунар, тиббиёт масалаларини  ҳал қилиш ва яшаш шароитини  яхшилаш зарурлиги таъкидланди. Албатта, аввало, ижтимоий ҳимоя соҳасига давлатимиз томонидан ажратилаётган маблағлар ва кўрсатилаётган ижтимоий ва бошқа хизматлар кўплаб мамлакатлар учун намуна бўлади, десак, муболаға бўлмайди.

Масалан, Қорақалпоғистон мисолида айтадиган бўлсак, биргина   “Аёллар дафтари” доирасида  қарийб 8,7 мингта оилага 8,1 миллиард сўмлик давлат кўмаги кўрсатилган. Хусусан, боқувчиси бўлмаган эҳтиёжманд хотин-қизлардан 7 минг 427 нафарига 8,9 миллиард,  ижтимоий ёрдамга муҳтож биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган 9 минг 756  нафарига 11,7 миллиард, қарамоғида ногирон фарзанди бўлган хотин-қизларнинг 3069 нафарига 3, 9 миллиард сўм моддий ёрдам берилган. Оғир турмуш шароитида яшовчи  1 минг 116 нафар  хотин-қизнинг уй-жойлари таъмирланиб ва ижара компенсацияси тўлаб берилган. Ижтимоий ҳимояга муҳтож 32 минг 820 нафар ишсиз хотин-қизнинг бандлиги таъминланган.

2025 йилда камбағаллик юқори бўлган 1 мингта маҳаллада яна биттадан оилавий боғча фаолияти йўлга қўйилиши, янги йилдан оилавий боғча ўринларининг 15 фоизига камбағал оила фарзандлари  қабул қилиниши ва боғча тўлови қисман қоплаб берилиши хусусидаги таклифи эҳтиёжманд оилалар учун жуда катта имкониятдир.

Йиғилишда Президентимиз илгари сурган яна бир энг муҳим ташаббуслардан бир бу – “ижтимоий карта” жорий этиш масаласи бўлди. Яъни шу кунгача  фуқароларимиз  ижтимоий хизмат ва ёрдам олиш учун  10 дан ортиқ ҳужжатни кўтариб юрган бўлса, эндиликда уларнинг ўрнини босадиган битта “ижтимоий карта” жорий этилади. Бундан ташқари, шу ижтимоий карта билан  автобус ва метрода бепул юриш, электр, газ ва ўқиш харажатига  компенсация олиш мумкин бўлади.

Бугунги кунда камбағал оилалардаги ўзи ҳаракатлана олмайдиган инсонларга ота-онаси, турмуш ўртоғи, фарзандлари, ака-укаси ёки опа-синглиси қараб келаётгани ҳам айни ҳақиқат. Келгуси йилдан маҳалладаги ижтимоий ходимлар ва хусусий сектор иштирокида бундай одамларга уйида ва кундузги қатнов асосида қараб туриш йўлга қўйилиши, натижада яқинига қараб турган аҳолининг ишлашига шароит яратилиши, шунингдек, бундай хизматни кўрсатган хусусий секторга камбағал оилалар харажатининг 80 фоизини давлат қоплаб бериши, бу оиланинг ҳам моддий, ҳам руҳий-маънавий барқарорлигига хизмат қилади, албатта.

Видеоселектор йиғилишида муҳокама қилинган барча масалалар, Президентимиз томонидан  ижтимоий ҳимоя соҳасида илгари сурилган ташаббус ва ғоялар Ўзбекистоннинг ижтимоий давлат сифатида дунёда ўзини намоён этиб бораётганидан далолат беради.

Назира Матяқубова,  

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати.  

ЎзА