Кўккўйлак. И.В.Савицкий номидаги санъат музейи

 

Айни пайтда Нукус шаҳридаги бутун дунёга машҳур И.В.Савицкий номидаги давлат санъат музейида ноёб мустаҳкам матодан ишланган 4 дона кўк рангли кўйлак сақланмоқда. Халқ тилида бу кўккўйлак деб номланади. Бирнеча юз йиллар аввал ҳозирги жинси каби мустаҳкам матодан қилинган ушбу бетакрор экспонатлар музейга келаётган минглаб хорижий туристларнинг ҳайратини оширмоқда. Жинси матоси энг аввал Америкада эмас, балки Ўзбекистон заминида пайдо бўлган экан-да, дея ажабланмоқда. Хўш, ушбу мато қандай қилиб юртимизда пайдо бўлиб қолган экан?

Қорақалпоқ санъатининг такрорланмас эсдаликларидан бири кўккўйлак дунёда бошқа биронта ҳам халқда учрамайдиган тантанали либос тури саналади. Шунингдек, тасвирий ҳамда каштачилик санъатининг ҳам бетакрор намунаси сифатида талқин қилинади. Кўккўйлакни қорақалпоқларда «буёқ кўйлак» ва «каштали кўйлак» деб ҳам номлашади. Чунки бу кўйлак кўк ранг билан бўялган ва ҳар хил кашталар билан безалган. Кўйлакнинг безалишида олтмишдан ортиқ нақш турлари қўлланилган.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, кўккўйлак асосан Денгизбўйи қорақалпоқларида кенг тарқалган. Кўккўйлак намуналари И.В.Савицкий музейидан бошқа Санкт-Петербург шаҳридаги Этнография ва Нукус шаҳридаги Улкашунослик музейларида ҳам сақланмоқда.

Кўккўйлак. И.В.Савицкий номидаги санъат музейи

Кўккўйлак бўйича тадқиқот ишларини олиб борган олим М.Қипшақбаев: «Кўккўйлак ҳозирги jeans (жинси) материалини ёдга солади ва шу мато турининг дастлабки ихтирочиси қорақалпоқ чебарлари бўлганлигига шубҳа ўйғотмайди. Қорақалпоқларнинг қадимдан Буюк Ипак йўлида қўним топгани ва уларда савдо-сотиқ ишларининг ривожланиши бу материалнинг Европа давлатларига тарқалишига сабаб бўлса, ажабмас» деб ёзади. Кўккўйлак материалининг мустаҳкам матодан ишланганлиги ҳақиқат ва шунинг учун кўпчилик тадқиқотчилар шундай хулосага келишган.

Кўккўйлакнинг ёқаси, этагидан кўкрак қисмигача нақш билан кашталанган.  Кўккўйлакдаги майда нақшлар шу қадар кўп ва мураккаб-ки, битта кўйлакни безаш учун қорақалпоқ қизлари 4 йилдан 7 йилгача вақт сарфлашган. Шунинг учун халқда «олти ёшда бошласанг оширасан, етти ёшда бошласанг етказасан» деган гап бор. Бу айнан кўккўйлак тикиш санъатига боғлиқ айтилган. Қорақалпоқ қизлари ушбу кўйлакни асосан ўзларининг никоҳ тўйларига атаб тикишган.

Кўккўйлак кийган қиз

И.В.Савицкий номидаги давлат санъат музейи этнография бўлими раҳбари Айгул Пирназарова кўккўйлак ҳақида шундай дейди:

«Кўккўйлакнинг тарихи сак-массагетлар даврига бориб тақалади. Мард Тумарис ва довюрак Гулайим бошкарган қизлар душманларга қарши юришда кийимларининг олдига ёки совутга ажойиб нақшлар туширган. Сабаби шуки, ушбу нақшлар душманнинг кўзини қамаштиришда қўл келган.

Кўккўйлакдаги нақшларнинг кўп бўлиши ҳам ушбу даврдан қолган. Кўккўйлак тикиш санъати 19 асрларгача халқ орасида бўлган. У «амирхони (американ) пахта» деб номланган ингичка толали пахта ипидан ишланган. Ушбу пахта ипи махсус асбобда (маҳаллий тилда «қозақ» деб номланади) матога айлантирилган, у бўз мато деб аталган.

Бўз матони буёқчилар кўк рангга бўяшган, сабаби кўк ранг осмоннинг, Тангрининг рамзи саналган.

Музейга ташриф буюрган хорижий сайёҳларнинг «қорақалпоқлар жинсини америкалилардан аввал ўйлаб топишган экан. Демак, жинсининг ватани – Америка эмас, Ўзбекистон экан-да!» деб таажжуб билан тан олишганини кўп маротаба гувоҳи бўлганман».

Кўккўйлак. И.В.Савицкий номидаги санъат музейи

Мустақиллик йилларида маданий меросларни қайта тиклашга катта эътибор қаратилди ва кўккўйлакни замонавий тикув машиналарда қайта ҳаётга келтиришга ҳаракатлар бошланди.

Ўтган асрнинг 90 йиллари бошларида қорақалпоғистонлик ҳунарманд Далжанова Несибели музейдаги кўккўйлакларнинг нақшларидан намуна олиб,  илк бор тикув машинасида ушбу кўйлакни 24 кун давомида тикиб чиқди. Шу йили мазкур кўккўйлак Алма-ата шаҳрида ўтказилган «Осиё товуши» танловида ғолиб бўлди.

Ҳунармандлар орасида миллий меросларни кайта тиклаш борасида фаолият кўрсатиб келаётган Айзада Нуримбетова ҳам қорақалпоқ кийимларини, хусусан, кўккўйлакни дунёга танитишда қатор ишларни амалга ошириб келмоқда. У  каштали кийимларни замонавий кўринишга келтириб, тикув машинасида ва қўл билан кашталовчиларга раҳбарлик қилиб, қатор давлатларга халқ амалий санъатини намойиш қилиб келмоқда.

 

 

Есимқан Қанаатов

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги директори