Муносабат

 Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллиги байрамидан кейинги ўйлар

Шиддат билан ўзгараётган замонда ўтаётган ҳар бир куннинг ўзига хос мустаҳкам ўрни, тарих саҳифаларига ёзилаётган янгиланишлари ҳаётимизга мазмун бағишламоқда. Тилимизнинг қадрият сифатида қадрланиши унинг қадимий ва бой тиллардан бири, миллий ўзлик тимсоли эканлигида яққол кўринади. Бунинг ҳаммаси мамлакатимизда шу йилнинг 21-октябрь куни  болалар боғчасидан тортиб, ҳар бир ўқув маскани, меҳнат жамоалари, фан адабиёт, санъат намоёндалари орасида кенг нишонланган ўзбек тилига Давлат мақоми берилганлигининг ўттиз йиллиги байрами тантаналаларида намоён бўлди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёвнинг ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг ўттиз йиллигига бағишланган тантанали маросимидаги нутқида «Туркий тилларнинг катта оиласига мансуб бўлган ўзбек тилнинг тарихи халқимизнинг кўп асрлик кечмиши, унинг орзу-интилишлари, дарду армонлари, зафарлари ва галабалари билан чамбарчас боғлиқдир.

Аждодларимиз, ота-боболаримиз айнан она тилимиз орқали жаҳонга ўз сўзини айтиб келганлар. Шу тилда буюк маданият намуналарини, улкан илмий кашфиётлар, бадиий дурдоналар яратганлар» деб алоҳида таъкидлаб ўтдилар.

Байрам кунида Президентимизнинг «Ўзбек тилининг Давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони байрам шукуҳига янада улуғворлик бахт этди.

Айниқса Фармон асосида ўзбек тилининг халқимиз ижтимоий ҳаётида ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини тубдан ошириш, униб-ўсиб келаёган ёшларимизни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат, улуғ аждодларимизнинг бой меросига ворислик руҳида тарбиялаш, мамлакатимизда давлат тилини тўлақонли жорий этишни таъминлаш мақсадида 21-октябрь санасини «Ўзбек тили байрами куни» деб белгилаш юзасидан мутасадди ташкилотларга вазифалар юкланди.

Тил буюк қадрият ва бебаҳо маънавий бойликдир. Негаки, биз биламиз оилада фарзанд илк бор тилга кирганида она сўзини меҳр билан талаффуз қилади. Тилимизга она тили деб ташбеҳ берилган. Биз фарзандларимизнинг сўзларидан гаплар ясаб, бурро-бурро гапираётганида она тилимиз бор экан миллатимиз яшаётганлиги, юртимиз мангуликка дахлдор эканлиги, маънавиятимиз бебаҳо бойлик ва қалб ўйғоқлигини  ҳис қиламиз. Мустақиллигимизнинг маънавий асосларини  мустаҳкамлашда, ёш авлодни қадриятларимизга муҳаббат, Ватанимизга садоқат руҳида тарбиялашда она тилимизнинг нақадар бойлиги ва такомиллашаётганлиги катта аҳамият касб этаётганлигини англаймиз.

Ўзбек тилига Давлат мақоми берилганидан буён ўтган йиллар мобайнида тилга бўлган эътибор ўсиб, у давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Қонуннинг 2-моддасида ўзбек тилига Давлат мақоми берилиши, республика ҳудудида яшовчи миллат ва халқларнинг ўз она тилини эркин қўлланишига тўсқинлик қилмаслиги ҳуқуқий жиҳатдан асослаб берилган. Бундан кўриниб турибдики, Қорақалпоғистонда ҳам қорақалпоқ тилини ўрганишга бўлган эътибор кучайиб, қорақалпоқ тилининг янада бойиши, мукаммал бўлиши учун кенг имконият ва шароитлар яратилди. Қорақалпоғистонда Қорақалпоғистон  Республикасининг «Қорақалпоқ тилига давлат мақоми берилиши тўғрисида»ги Қонун амал қилмоқда.

Ўзбек мактабларида қорақалпоқ тили, қорақалпоқ мактабларида ўзбек тилининг ўрганилиши халқларимизнинг қадимий анъаналари сақланиб, қадриятлари улуғланаётганлигида, ўзаро дўстлик, биродарлик ришталари янада мустаҳкамланиб бораётганида ўз аксини топмоқда.

Агар ушбу Қонуннинг 4-моддасига аҳамият берадиган бўлсак юқоридаги фикримиз ўз исботини топади. Яъни ушбу моддада ҳар бир фуқаронинг ўз она тилини ўрганиши учун шароитлар яратиш, шунингдек Ўзбекистонда яшовчи турли миллатлар ва халқларнинг тилларига ҳам иззат-ҳурмат билан муносабатда бўлишнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамлаб берилган.

Буларнинг ҳаммаси айниқса кейинги икки уч йилда юртимизда тилга берилаётган эътиборнинг, давлатимиз Конституцияси ва Қонунларида мустаҳкамлаб   қўйилганлигида  озод ва эркин ҳаёт, бағрикенглик, фаровонлик ва ҳар бир фуқаронинг юрт тақдири, Ватан равнақи, келажакка дахлдорлик ҳисси билан яшаётганида намоён бўлмоқда.

Президентимизнинг Давлат тилини янада камол топтиришга бўлган катта эътибори Давлат тили қабул қилинганлигини ўттиз йиллигини нишонлаш тўғрисидаги  Қарорида ҳам кенг акс эттирилгани фикримизнинг далилидир. Қарорда  “Ўзбек тили тараққиёти ва Халқаро ҳамкорлик масалалари” мавзусида илмий амалий Халқаро конференция, “Ўзбек тилшунослигининг долзарб масалалари” мавзусида конференциялар ўтказиш борасидаги вазифалар албатта бу борада олиб бориладиган кенг кўламли тадбир ва вазифаларнинг бир бўлагидир.

Юртимизда кенг нишонланган тил байрами маънавият – қалб ўйғоқлиги эканлигини яна бир марта тасдиқлади. Яқинда бир журналист билан суҳбатимизда инсон маънавияти ва жамиятимизда рўй бераётган оламшумул янгиланишлар, фуқароларимизнинг онг ва тафаккуридаги ижобий ўзгаришлар дунёга кўз қараш, баркамоллик тўғрисидаги фикрларнинг ойдинлашаётганлиги она тилимизга боғлиқми деб савол  берди. Яъни буларни чуқур англаш учун одам нақадар маънавиятли бўлиши керак?

Кун сайин тараққиёт сари юз очаётган юртимизда бу савол кўпчиликнинг кўнглидан кечаётгандир. Нима бўлганда ҳам кейинги икки-уч йил ичида Президентимизнинг бу соҳага бераётган чексиз эътибори беқиёс эканлигини кўраяпмиз. Чунки маънавият, адабиётимиз, санъатимиз, илм-фан, тарихимиз тикланиши, дунёвий илмларни ўз ичига олувчи ислом таълимоти асосчилари, тарғиботчиларининг неча минг  йиллар олдинги фаолияти, қолдирган бебаҳо асарлари ўрганилаётганлиги, айниқса она-тилимиз бўлган ўзбек тилининг улуғланаётганлиги буюк маънавиятдир. Шу маънавият инсонлар қалбини уйғотишга, китобга қайтишга, буюк аждодлар ҳикмати билан қайта-қайта юзланишга даъват қилмоқда.

Мен савол берган журналист билан суҳбатлашар эканман, маънавият-энг аввало мустақиллигимизни, эркин ва озод ҳаётимизни чуқур англашда, ижтимоий иқтисодий ҳаётимизда рўй бераётган барча ижобий ўзгаришлар Ватан ва миллат тараққиётида катта аҳамиятга энг эканлигини чуқур тушунишда деган фикрга келдик.

Ҳақиқатан ҳам фахр ва ифтихор туйғуси маънавиятли кишининг қиёфаси.Шу ўринда яна бир савол тўғрисида фикр юритиб кўрайлик. Бахт ва маънавият тушунчаси.

Ҳаётнинг ҳар бир куни бахтдан иборат эмас. Унинг оғири енгили, омад ва омадсизлиги, хуллас паст баландига дуч келамиз. Ҳаёт эса давом этаверади. Янги авлод дунёга келади. Фарзандларимизнинг маънавий дунёсини шаклланишида тўғри тарбиянинг ўрни катта.

Ҳаётда маънавияти йўқ  инсон ўз умри ва тақдирига тўғри назар ташлай олмайди. У яхшини яхшига, ёмонни ёмонга ажратишда қийналади. Ўзи билан ўзи бўлиб қолади. Дунёвий илмларга ўзининг нуқтаи-назарини оча олмайди. Чунки унинг уйида бирорта китоби йўқ, маънавият тушунчасини билиш учун китоб варақламаган, ривоят ва ҳикоятларни тингламаган, фильмларни кўрса ҳам улардан тўғри хулоса чиқара олмаган кишилар.

Бундай инсонлар орамизда йўқ деб ҳам айта олмаймиз. Бир ўйлаб кўринг,  Давлатимиз раҳбари нима сабабдан китобга бўлган эътиборни кучартираяпти?

Инсонларнинг маънавий дунёсини бойитиш учун илм-фан ривожланишига катта  имкониятлар яратилиб, халқаро анжуманлар ўтказилиб янги тадқиқотлар пайдо бўлмоқда, улар амалга оширилмоқда.

Албатта бугунги кунда юртимизда кўпчилик китоб ўқийди. Биз тилга олаётган маънавият кексаларимиз, ёшларимиз қўлига олаётган китобларнинг ичида. Баъзан ўз фикрини баён қилаолмай, иши юришмай турган, кишига «Э, бу ўқимаган»  дейишади. «Ўқимаган» дегани бу олий маълумот олган ё олмагани  эмас, унинг китоб варақлаб кўрмагани, китоб мазмунидан хулосалар қилиб, ҳаётга таққослаб билмагани назарда тутилади.

Чунки китобнинг ичида бой адабий тилимиз бор.

Бугунги кунда  ҳаётимизга раҳбар маънавияти деган тушунча ҳам кириб келди. Президентимиз  маърузаларини тинглаганимизда бу тушунча онгимизга кўпроқ сингади, фикримиз ёришади.

Президентимиз раҳнамолигида ташкил этилган «Халқ қабулхоналари»га келган инсонларнинг дарду ташвишини эшитиб тўғри йўл кўрсатаётган раҳбарлар, сектор раҳбарлари албата маънавиятга бир қадам қўйдилар. Фуқаролар билан ҳаётнинг муаммолари тўғрисида суҳбатлашиш, шу орқали бу ҳаётни чуқур англаш одамлардан ўрганиш демакдир.

Бу ўринда ҳам ўзаро тушуниш, ўзаро ҳурмат ва эҳтиром, инсонийлик фазилатлари тил орқали намоён бўлди.

Эътибор берсак, бундан икки-уч йил олдин одамлар «Халқ қабулхоналари»да ўзининг дард-у ташвишларини кўп айтар эдилар. Бугунги кунда бу ҳолат ўзгармоқда. Яъни фуқаролар қишлоғига  сув етишмаслиги, электр энергиясидаги узилишлар, болалар боғчаси, мактаб зарур деган таклифларни ўртага ташламоқда. Бу халқимиз маънавиятининг ўсаётганидан дарак беради.

Биз биламизки, оила мустаҳкам бўлса жамият ҳам мустаҳкам бўлади. Оила тинч бўлса жамият тинч бўлади, равнақ топади. Оиланинг бош бўғини ота-она ва фарзандлар муносабатлари билан боғлиқ. Тўғри ҳар бир оила жамиятнинг жуда катта таянчи. Давлатимиз раҳбари раҳнамолигида маҳалла институтлари фаолиятлари такомиллаштирилмоқда. Оила марказларининг фаолият юритиш майдони кенгаймоқда. Хотин-қизлар қўмитаси, яраштирув комиссияларининг ишлари жонланди. Буларнинг ҳаммаси бир болага етти маҳалла ота-она деган, қадимдан келаётган ҳикматни бугунги ҳаётга сингдириб турибди.

Лекин ҳаётга назар солсак ҳар бир оиланинг ўз ички дунёси, ўз ички сирлари мавжуд. Масалан, онанинг ёши ҳали 50 га ҳам тўлмаган, келин тушираяпти. Шундай бир даврда яшаяпмизки, ҳеч ким кексайгиси келмайди. Келин ҳам ёш, қайнона ҳам. Келин эса бошқа бир оилада тарбия олган. Бу ерда қандайдир бир тўқнашувлар, мурракабликлар келиб чиқади. Баъзан келин бўлиб тушган қизнинг дунё қараши янги оилага тўғри келмайди. Чунки ҳар бир инсоннинг ўз олами бор.

Мақоламиз бошида Маънавият қалб уйғоқлиги, тилимиз улуғланиб, такомиллашаётганлиги эса маънавият учун хизмат қилиши тўғрисида таъкидлаб ўтган эдик. Ҳақиқатдан ҳам бу икки тушунча бир-бири билан узвий боғлиқдир. Маънавиятимиз бой бўлиши, қалбимиз уйғоқ бўлиши учун она-тилимизни мукаммал билмоғимиз, эъзозламоғимиз керак.

«Тил билган эл билади» дейди доно халқимиз. Бугунги кунда фарзандларимиз дунё тилларини ўрганиши учун катта имкониятлар яратилган. Фарзандларимиз, невара, чевараларимиз уч-тўртдадан хорижий тилларда гаплаша олади. Бу катта ютуғимиз албатта. Аммо улар ўз она тилини ҳам чуқур билмоғи, ўз фикрларини эркин ва маъноли тарзда баён қилиб бераолишлари ҳам керак.

Зеро Давлатимиз раҳбарининг ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг ўттиз йиллигига бағишланган тантанали маросимидаги маърузасида таъкидланганидек «Биз халқимизнинг тақдири, эртанги куни ҳақида ўйлар эканмиз, энг аввало, миллатимизнинг асл фазилатларини, гўзал урф-одатларимиз, бетакрор санъатимиз ва адабиётимизни, она тилимизни кўз қорачиғидай сақлашимиз зарур.

Мухтасар айтганда, ҳар биримиз давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб, давлат тилига эҳтиром ва садоқатни она Ватанга эҳтиром ва садоқат деб билишимиз, шундай қарашни ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз лозим.

Бу олижаноб ҳаракатни барчамиз ўзимиздан, ўз оиламиз ва жамоамиздан бошлашимиз, она тилимизга, урф-одат ва қадриятларимизга ҳурмат, Ватанга меҳримизни амалий фаолиятда намоён этишимиз керак».

Маънавият-қалб уйғоқлиги, тилимиз эса маънавиятимиз бешиги, миллатимиз кўзгусидир.

Тилимиз маънавиятимиз учун ҳам, адабиётимиз, санъатимиз, тарихимиз, авлодлар баркамоллиги учун, мустақиллигимиз мангулиги, миллатимизнинг дунёда мангу туриши учун хизмат қилиши шак-шубҳасиздир. Алоҳида таъкидлаш лозимки, маънавият  соҳасида тилимиз мукаммаллиги, миллатимиз мангу яшаши учун ҳуқуқий асослар яратилиши, Ватанимиз ижтимоий-иқтисодий равнақи учун олиб борилаётган ислоҳотларда тилимизга қаратилаётган эътибор ва олдимизга қуйилган вазифалар амалга ошишида ҳар биримиз қамарбаста бўлишимиз давр талабидир.

Гулистон АННАҚИЛИЧЕВА,

Қорақалпоғистон халқ шоири,

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Сенати аъзоси.   

 

Қорақалпоғистон Ахборот агентлиги