Нукус давлат педагогика институти доценти: Олий таълим тизимида талабаларнинг грант ва контрактда ўқишини алмаштириш тажрибасини қўллаш лозим

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти доценти Саъдулла Матёқубов жаҳон тажрибасида мавжуд модул кредит тизими билан бир қаторда бўлган грант ва контрактда ўқишнинг алмашиб юриш тажрибасини синаб кўриш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайди.

– Бугунги кундаги олий таълим тизимидаги асосий муаммолардан бири таълим жараёнида талабаларнинг рақобатбардошликка нисбатан бўлган интилиши суст эканлигидадир, –дейди у. – Талабалар фанларни яхши ўзлаштириш ва етук кадр бўлиб шаклланишдан кўра, асосан стипендия миқдорига кўпроқ аҳамият қаратади.

Тайёрланаётган кадрларни рақобатбардошликка ўргатиш, ўз соҳасида, касбий фаолиятида ўз ўрнига эга бўлиш мотивациясини кучайтириш мақсадида амалдаги баҳолаш тизимларига муайян ўзгартиришлар киритиш лозим.

Хусусан, ҳамма фанлардан якуний назорат тизимидан воз кечиб “синов” (зачет), ҳамда асосий фанлардан якуний назорат ташкил этишга ўтиш мақсадга мувофиқ. Бу нарса талабаларнинг номдор стипендияларга номзод бўлишида ҳам номутаносибликлар келтириб чиқармоқда. Чунки, бир талаба ҳамма фанлардан аъло баҳоларга ўзлаштириши жуда қийин масала. Шунинг учун асосий ихтисослик фанлари ҳал қилувчи аҳамият касб этиши керак.

Қолаверса, талабаларни рақобатбардошликка ўргатиш, уларда ўқиш, ўрганишга бўлган интилиш ва иштиёқни ошириш учун жаҳон тажрибасида мавжуд модул кредит тизими билан бир қаторда бўлган грант ва контрактда ўқишнинг алмашиб юриш тажрибасини синаб кўриш керак.

Бир қатор давлатларда бу тизим мавжуд бўлиб у талабаларда соғлом рақобатнинг кучайишида асосий омил саналади.

 

Жараённи қандай ташкил қилиш мумкин?

Масалан, ўзбек тили ва адабиёти бакалавр таълим йўналишига 30 – грант, 70 – контракт, жами 100 талаба қабул қилинди, дейлик. Улар 1-курсни тугатгандан кейин (академик қарздор бўлмаган талабалар) орасида курсдан курсга ўтиш синови ташкил этилади. Бизда кириш тест синови асосида бўлгани учун бу жараёнда ҳам 1-курс давомида ўқиган фанлар мазмунидан иборат (ўқув дастурларига мувофиқ) тест синови ўтказилади. Тест синовида 100 талабадан ҳаммаси (академик қарздорликсиз) иштирок этса энг юқори балл тўплаган 30 нафар талаба 2-курсда грант асосида таълим олади. Бу ҳолат ҳар курс якунида амалга оширилади. Бундан келиб чиқадики, ўқишга грант асосида кирган талабаларнинг 4 йил давомида грантда ўқиши кафолатланмайди, контракт асосида ўқишга кирган талабанинг 3 йил (балки 2 ёки 1 йил)ни грант асосида ўқишига имконият яратади.

Шунда талабалар орасида рақобатбардошлик ҳисси шаклланади ва улар бир-бирларига конспект кўчиртириш фикридан ҳам қайтади. Энди улар стипендия учун эмас, грант асосидаги талаба ўз ўрнини бермаслик, контракт асосидаги талаба грант ўринни эгаллашга интилади.

Шунингдек, курсдан-курсга ўтиш синовларини ташкил этиш ОТМ ваколатида эмас, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан олиб борилиши лозим. Бу жараённинг шаффоф ўтиши учун замин бўлади.

 

Е.Қаноатов, ЎзА

  22.06.2019, 13:14  |    181 марта кўрилди

Рахмат

Сайт администрацияси хато матн хакида огохлантирилди!