Дунё эътиборидаги жавоҳир

Бу музей дунёнинг номдор мозийгоҳлари сафидан ўрин олган, десак муболаға бўлмайди. Унинг нодир экспонатларини кўриш, санъатнинг юксак намуналаридан баҳра олиш истагида Нукусга ер куррасининг турли чеккаларидан санъат ихлосмандлари ошиқади.
Пойтахтимиздаги Ўзбекистон Тасвирий санъат галереясида И.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон Республикаси давлат санъат музейи тўпламидан сараланган асарлардан иборат “Замон ва макон узра авангард“ мавзусида ташкил этилган кўргазма нафосат ихлосмандлари учун чин маънодаги кутилмаган туҳфа бўлди. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан ташкил этилган мазкур кўргазмага турли вазирлик ва идоралар, хорижий дипломатик корпус ва халқаро ташкилотларнинг вакиллари, санъат ихлосмандлари таклиф этилди.
20.JPG
Музей тўпламидан саралаб олиниб, экспозициядан ўрин олган ҳар бир асарни, таъбир жоиз бўлса, афсона, замонлар силсиласи, муайян тарихий даврнинг маданий ифодаси деб аташ мумкин. Кўргазмада рус ва ўзбек авангардини акс эттирувчи 126 та асар намойиш этилмоқда. Бу эса ХХ аср санъатининг ҳали тўлиқ ўрганилмаган, санъатшунослар, олимлар, мўйқалам соҳиблари, мухлисларни ҳануз ўйлантираётган бетакрор намуналаридир.
Санъатга ошуфта одамлар бир кўриш орзусидаги ушбу музейга таниқли рассом, реставратор, санъатшунос ва этнограф Игорь Савицкийнинг саъй-ҳаракатлари туфайли асос солинган. Уруш йиллари юртимизга Москва санъат институти таркиби билан эвакуация қилинган Игорь талабалигидаёқ диёримизнинг тарихи, маданиятига мафтун бўлади. Кейинчалик Хоразм меъморий-этнографик экспедициясида қатнашиб, Ўзбекистондаги нодир осори-атиқаларни мукаммал ўргана бошлайди. Қорақалпоқ заминининг тенгсиз, ўхшаши йўқ маданияти, мероси рассомнинг умр мазмунига айланди. Экспедиция давомида қадимий меъморий ёдгорликлар суратини чизиш билан бирга олис овулларда бўлиб, маҳаллий халқ ҳаёти, маданиятига оид буюм ва ашёлар, безаклар, либос намуналарини, рассомлар устахонасидан эса картиналарни йиғади. Ўша даврда Ўзбекистон ҳукумати томонидан тўпламнинг қадр-қимматини теран англаган ҳолда қадимий халқнинг бой ўтмиши, юксак маданиятидан сўзловчи залворли коллекция асосида бу ерда музей ташкил этишга муваффақ бўлинди. Истиқлол йилларида музей биносига қўшимча икки корпус қурилди. Натижада нодир коллекция тўпланди ва сақлаб қолинди.
2 (1).JPG
Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг ўринбосари Камола Оқилованинг таъкидлашича, мазкур музей ашёлари ҳамон тадқиқотчилар учун бой ва улкан илмий-маърифий манбаа бўлиб хизмат қилади.
Музей хазинасининг аҳамиятли жиҳати, бу ерда қорақалпоқ халқ амалий санъати намуналари, археология, тасвирий санъатнинг турли мактаб ва йўналишларига хос асарлар билан бирга собиқ шўролар даврида таъқибга учраган йўналиш – авангард жанридаги асарлар ҳам салмоқли ўрин эгаллайди. Реализм, борлиқни борича ифодалаш услубидан фарқли равишда, авангард тарафдорлари ўз фикрини илғор, ноанъанавий услубда акс эттиргани сабабли ўша даврда собиқ шўролар диёридаги ҳеч қайси ҳудудда авангард йўналишидаги картиналарни топиш қийин эди. Нукусда эса бу жавоҳирларнинг сақлаб қолинишига эришилди. Қизиғи шундаки, ҳали-ҳануз авангард жанри баҳсли мавзу бўлиб, ижодкор фикру ғоясининг янгича талқини, ўзига хос нигоҳи сифатида баҳоланади.
29.JPG
Ҳозир музей экспонатлари тўқсон мингдан ортади. Қорақалпоқ халқ амалий санъати намуналари, қўҳна Хоразмнинг ноёб археологик экспонатлари, ўзбекистонлик рассомларнинг ижод намуналари билан бирга рус авангард мактабига оид ишлар шулар жумласидан. Санъатшуносларнинг фикрича, бу музейнинг экспонатларига жаҳоннинг номдор музей ва галереялари ҳар қанча ҳавас қилса арзийди. Буюк Британиянинг “Гардиан“ газетаси эса санъат жавоҳирларига бой бу масканга “жаҳоннинг энг ажойиб музейи“ деб таъриф берган. Мозийгоҳнинг энг сара картиналаридан иборат кўргазма 2017 йилда Россия Федерациясида бўлиб ўтган “Нукус жавоҳирлари“ номли кўргазмада катта муваффақият билан намойиш этилган эди.
Ўзбекистон Тасвирий санъат галереясини илгари мисли кўрилмаган, кутилмаган картиналар безайди. Н.Караханнинг “Йўллар қурилиши“, “Ҳовуз бўйидаги икки қиз“, А.Волковнинг “Композиция“, “Баҳорги ишлар“, В.Уфимцевнинг “Шарқона мотив“, “Поездга“, “Ўтовда“, Ў.Тансиқбоевнинг “Йўл“, “Ҳовли“, “Бурчмулла водийси“, Н.Кашинанинг “Шердор ёнида“ каби кўплаб асарлар томошабинларни ҳайратга солмоқда. Мухлислар бу дурдона асарлардан бир ой давомида баҳраманд бўлиши мумкин.

 

Назокат Усмонова, Отабек Мирсоатов (сурат), ЎзА