Президентимиз Урганч шаҳридаги “Ниҳол” инновацион мактаби фаолияти билан танишди

Жорий йил сентябрь ойида фаолият бошлаган ушбу нодавлат таълим муассасаси бошланғич синфларга ментал арифметикани ўргатишга ихтисослашган. Бундан ташқари, бу ерда инглиз, рус тили фанлари чуқурлаштирилган тартибда ўқитилади. Ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида шахмат тўгараги ташкил этилган. Келаси ўқув йили учун мактабга тайёрлов гуруҳлари иш бошлаган. 
 
0f8694d2-299d-83b8-5d19-7558f59f2f46.jpg
Мактаб қурилишига 3 миллиард 350 миллион сўм маблағ сарфланган бўлиб, ҳозирги кунда инглиз тили, рус тили, ментал арифметика, мактабга тайёрлов, тез ўқиш, фаоллаштириш ўқув курсларига 582 бошланғич синф ўқувчиси қамраб олинган. Уларга 17 ўқитувчи икки сменада дарс бериб келмоқда.
Мактабда 19 та фан хонаси, кутубхона, ошхона, спорт зали, ҳамшира, ўқитувчилар хоналари, фаоллар зали мавжуд.
Нодавлат таълим муассасаси 250 ўринга мўлжалланган бўлиб, мавжуд эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда қўшимча 500 ўринли янги ўқув биноси барпо этиш режалаштирилмоқда. Чунки, бошланғич синфларда чуқурлаштирилган мактабда таълим олган бола юқори синфларда оддий мактабда ўқишни давом эттирса олган билимини янада мустаҳкамлаши қийин кечади. Шу боис мактаб раҳбарияти таълим муассасаси ёнидан қўшимча ер майдони ва 6 миллиард сўмлик имтиёзли кредит олиш ниятида.
Янги ўқув биноси қуриб, фойдаланишга топширилса яна 50 иш ўрни ташкил этилади. Болалар бошланғич таълимни тугатгач, умумий ўрта таълимни шу ернинг ўзида давом эттириш имконига эга бўлади.
Президентимиз мактабдаги шароитларни кўздан кечирар экан, таълим муассасасининг мазкур ташаббусини қўллаб-қувватлади.
Бугунги кунда вилоятдаги 12 та “Баркамол авлод” болалар марказида 4 минг 700 дан ортиқ ўқувчи 213 та тўгаракда таълим олмоқда. Бироқ ушбу марказларда ментал арифметикани ўқитиш бўйича мутахассислар йўқ. “Ниҳол” инновацион мактаби платформаларини вилоятдаги “Баркамол авлод” болалар марказларига ўрнатиш орқали ўқувчиларнинг интеллектуал қобилиятини очиб бериш имконияти мавжуд.
– Аввало, болаларнинг маънавиятига эътибор беришимиз, уларни тарихимизга қизиқтиришимиз керак. Болаларга билимни турли ўйинлар орқали бериш зарур, – деди Президентимиз.
Давлатимиз раҳбари ментал арифметикага бўлган талабни эътиборга олган ҳолда, уни ўқитиш методологиясини чуқурлаштириш, мантиқий фикрлаш қобилияти кучли ўқувчилар сафини кенгайтириш, мактабни жаҳон стандартларига жавоб бера оладиган таълим муассасасига айлантириш юзасидан зарур тавсиялар берди.
Мактабга автобус ва ўқувчиларга планшетлар совға қилиш бўйича топшириқ берди.
432b6738-a3e6-6470-803f-b2fd725fbad0.jpg
09dcc7be-b782-4fee-8f99-7792fe70e61b.jpg
ac07373a-85c5-ca51-1c02-d7a6ad74194d.jpg
3829c3ca-7c69-5ea6-e047-2864c748d148.jpg
55753d69-9050-ba36-f70e-38e2e36bcbc0.jpg

 

Умар Асроров, ЎзА​​