Миллий матбуот марказида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти томонидан тизимда амалга оширилган ишлар, эришилган натижа ва истиқболдаги вазифаларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда тармоқ корхона ва ташкилотлари вакиллари, соҳа мутахассислари иштирок этди.

Анжуманда истиқлол йилларида мамлакатимиз темир йўл транспорти соҳаси муносиб тараққиёт йўлини босиб ўтгани, ҳудудларни ишончли боғлайдиган, халқаро транспорт йўлакларига чиқиш имконини берадиган темир йўл транспорти коммуникацияларининг яхлит тизими барпо этилгани алоҳида таъкидланди.

Бу борада изчил ислоҳотлар, улкан бунёдкорлик ишлари давом эттирилмоқда. Ҳозирги кунда мамлакатимиз темир йўлларининг умумий узунлиги қарийб 7 минг километрни ташкил этади. Истиқлолга эришганимиздан буён 4 минг километрга яқин темир йўл қайта реабилитация қилинди, 2 минг 100 километрга яқин янги пўлат излар ётқизилди, 2 минг 500 километр темир йўл тўлиқ электрлаштирилди.

Темир йўл вокзалларини замонавий талаблар асосида қайта қуриш, йўловчиларга халқаро талаблар даражасида хизмат кўрсатиш имконини берадиган замонавий техника ва технологиялар билан жиҳозлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўтган даврда мамлакатимизда 10 га яқин янги темир йўл вокзали замон талаблари даражасида қуриб фойдаланишга топширилди. 20 дан зиёд вокзал жаҳон стандартларига мос равишда капитал таъмирланди. Айни пайтда Тошкент шаҳридаги Жанубий вокзални реконструкция қилиш ишлари давом эттирилмоқда.

Мустақиллик йилларида мамлакатимизнинг ягона темир йўл тизимини барпо этиш, йўловчи ва юк ташиш ҳажмини ошириш мақсадида кўплаб йирик лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилди. Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти аҳолисини пойтахт ва бошқа вилоятлар билан боғлайдиган ва узунлиги 341,6 километр бўлган «Навоий – Учқудуқ – Султонувайстоғ – Нукус» янги темир йўл линияси, лойиҳа доирасида Амударё узра темир йўл ва автомобиль қўшма кўприги, «Тошғузор – Бойсун – Қумқўрғон» янги темир йўл линиялари қуриб фойдаланишга топширилгани шулар жумласидандир. Орттирилган катта тажриба ва янги технологиялар боис темирйўлчилар томонидан Афғонистонда ҳам бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб, «Ҳайратон – Мозори Шариф» йўналишида 106 километр пўлат излар ётқизилди.

2010 йилда умумий узунлиги 344 километр бўлган «Тошкент – Самарқанд» линиясида кенг кўламли модернизация ва таъмирлаш ишлари олиб борилди. Натижада 2011 йилдан бошлаб мазкур йўналишда «Afrosiyob» юқори тезликда ҳаракатланувчи замонавий поезд мамлакатимиз аҳолиси ва меҳмонларга халқаро талаб даражасида хизмат кўрсатишни бошлади. Тармоқда амалга оширилган электрлаштириш ишлари натижасида 2015 йил Тошкентдан Қаршига, 2016 йилда эса Тошкентдан Бухорогача ана шундай замонавий поездларнинг мунтазам қатнови йўлга қўйилди.

– Ҳозирги кунда Урганчдан Хива шаҳригача бўлган масофада пўлат излар ётқизиш, электрлаштириш ишлари амалга оширилмоқда, – дейди “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти бош менежери – бош муҳандиси Ҳуснидин Ҳосилов. – Мазкур лойиҳа ниҳоясига етгач, ушбу йўналишда ҳам замонавий юқори тезликда ҳаракатланувчи поездлар йўлга қўйилади ва қадимий ўлкага ташриф буюрувчи сайёҳлар учун халқаро талаб даражасида шароитлар яратилади.

Анжуманда таъкидланганидек, Фарғона водийсини мамлакатимиз пойтахти билан боғлайдиган умумий узунлиги 123,2 километрлик Ангрен – Поп электрлаштирилган темир йўли ва узунлиги 19,2 километрга тенг «Қамчиқ» туннели бунёд этилгани йирик лойиҳалардан бири бўлди.

Локомотивлар паркини янгилаш борасида ҳам юксак натижаларга эришилмоқда. Ҳозиргача 50 га яқин замонавий электровоз харид қилинди. Бу эса юк ва йўловчи ташиш ҳажмини янада оширишга имкон яратди. Йўловчи поездлар таркиби тармоқдаги «Тошкент йўловчи вагонларини қуриш ва таъмирлаш заводи» акциядорлик жамиятида ишлаб чиқарилаётган сўнгги русумдаги вагонлар билан тўлдириб борилмоқда. Жорий йилнинг ўзида Қўқон – Андижон ҳамда Бекобод – Тошкент йўналишларида ана шундай вагонлардан иборат замонавий электричкаларнинг доимий ҳаракати бошлангани бунга мисол.

Тадбир давомида узунлиги 355 километрни ташкил этувчи Бухоро – Мискин янги темир йўлининг муддатидан илгари қуриб фойдаланишга топширилгани алоҳида қайд этилди. Бундан ташқари, яқинда Тошкент шаҳрида юқори тезликда ҳаракатланувчи «Afrosiyob» поездларига техник хизмат кўрсатувчи замонавий сервис маркази ҳамда унинг ёнида 300 метрли муҳташам йўл ўтказгич ишга туширилди.

Айни кунларда тармоқда бунёдкорлик-қурилиш ишлари жадал давом этмоқда. Турли мураккабликдаги йўллар, кўприклар, эстакадалар бунёд этилмоқда. Хусусан, пойтахтимизнинг Сергели туманини шаҳар маркази билан боғлайдиган олти бекатли, узунлиги 7 километрдан зиёд ер усти, Юнусобод туманида 3 бекатдан иборат ер ости метрополитенини қуриш ишлари олиб борилмоқда.

Анжуманда журналистларнинг саволларига жавоб берилди.

 

Нурилло Насриев, ЎзА