Америка – Ўзбекистон савдо палатаси қўшма қўмитасининг учинчи мажлиси ўтказилди

Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ҳамда ҳуқуқ, инвестиция ва савдо соҳаларида ҳамкорлик бўйича Америка-Ўзбекистон савдо палатаси қўшма қўмитасининг учинчи мажлиси бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикасига инвестицияларни жалб қилиш соҳасида ҳамкорлик қилиш устуворликлари масаласи муҳокама этилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С.Сафоев мамлакатимизда мустақилликнинг илк кунларидан бошлаб Америка Қўшма Штатлари билан икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида аҳамият берилаётганини таъкидлади. «Ҳаракатлар стратегияси» доирасида кенг кўламли ислоҳотларнинг бошлангани Ўзбекистон билан Америка ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга кучли туртки берди.
Икки мамлакат ўртасидаги ўзаро савдо ҳажмларининг 2017 йилдаги 210,2 миллион доллардан жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида 256,8 миллион долларгача ошгани фикримизнинг далилидир. Ўзбекистонда америкалик инвесторлар иштирокида ташкил этилган 160 дан ортиқ корхона ва АҚШнинг кўплаб компаниялари ваколатхоналари фаолият кўрсатмоқда. Ўзбекистон Республикаси билан АҚШ ўртасидаги савдо муносабатларида кўпроқ қулайлик яратиш режими амал қилмоқда. Мамлакатларимиз иқтисодий алоқаларнинг ривожланишида Америка – Ўзбекистон савдо палатаси фаолияти муҳим ўрин тутмоқда.
«Женерал Моторс», «Женерал Электрик», «Эксон Мобайл», «Кока Кола» каби АҚШ компаниялари Ўзбекистон иқтисодиётини таркибий диверсификациялаш ва технологик модернизациялаш жараёнларида муҳим роль ўйнамоқда. Ўзбекистон ва АҚШнинг улкан салоҳиятини ҳисобга олган ҳолда бу йўналишларда икки томонлама ўзаро ҳамкорлик истиқболлари ҳақида сўз юритиш мумкин.
Мажлисда мамлакатда очиқ-ошкоралик, ҳисобдорлик бўйича халқаро стандартларни жорий этиш ва қонун устуворлигини таъминлаш орқали тадбиркорлар ва АҚШ компаниялари учун, биринчи навбатда, инвесторлар учун қулай шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор берилаётгани қайд этилди. Хусусан, қишлоқ хўжалиги, энергетика, кимё, молия, туризм, тўқимачилик саноати, соғлиқни сақлаш ва рақамли технологиялар соҳасида янада яқинроқ ҳамкорлик қилиш учун сармоя жалб қилиш имкониятлари муҳокама этилди. Шу муносабат билан мамлакатда инвестиция муҳитини такомиллаштириш чора-тадбирлари дастури доирасида эришилган натижалар ҳақида фикр юритилди.
Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон Республикаси билан АҚШ ўртасида савдо муносабатлари ўсиб боришини таъминлаш масаласи ҳам муҳокама этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил май ойидаги АҚШга расмий ташрифи давомида Ўзбекистон ва АҚШ компаниялари ўртасида қиймати 4,8 миллиард долларни ташкил этган 20дан ортиқ йирик шартнома имзоланди. Мажлисда ана шу эришилган келишувларни амалга оширишга кўмаклашишда, савдо соҳасини ривожлантиришда Қўшма палата фаолиятининг турли масалалари муҳокама этилди.
Мажлисда ҳуқуқий муҳитни мустаҳкамлашнинг турли жиҳатлари, ҳуқуқ, инвестиция, савдо соҳаларида Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича Америка – Ўзбекистон савдо палатасининг стратегияси ва бўлажак тадбирлари, келгуси режалар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати ва Америка – Ўзбекистон савдо палатаси қўшма қўмитасининг тўртинчи мажлиси муддатлари кўриб чиқилди.

 

Моҳигул Қосимова, ЎзА