Ўзбекистон Республикаси Президентининг Россия Федерацияси Президенти билан телефон орқали мулоқоти тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Россия Федерацияси Президенти билан телефон орқали мулоқоти тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 7 октябрь куни Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди. 
Давлатимиз раҳбари Владимир Путинни туғилган куни билан чин дилдан табриклаб, энг самимий ва эзгу тилакларини билдирди.
Мулоқотда олий даражадаги учрашув ва музокаралар давомида эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги дўстлик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари жадал суръатлар билан ривожланаётгани ва мустаҳкамланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди.
Савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми юқори суръатлар билан ортмоқда, иқтисодиётнинг устувор тармоқларида, жумладан, нефть-газ, энергетика, металлургия, машинасозлик, электротехника, тўқимачилик, озиқ-овқат саноати ва бошқа соҳаларда йирик инвестиция лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилмоқда.
Томонлар имзоланган ҳукуматлараро битимга мувофиқ атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш соҳасида стратегик лойиҳани амалга оширишга киришди.
Ҳудудлар ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқалар ҳамда ишбилармон доиралар ҳамкорлиги фаоллашди. Шу ойда Тошкентда икки мамлакат ҳудудлари, етакчи корхона ва компаниялари раҳбарлари иштирокида Ўзбекистон-Россия биринчи ҳудудлараро форуми бўлиб ўтади.
Маданий-гуманитар соҳада амалга оширилаётган амалий тадбирлар юксак баҳоланди. Олий таълим муассасалари ўртасидаги шериклик муносабатлари фаоллашгани таъкидланди. Яқинда пойтахтимизда Ўзбекистон ва Россия етакчи университетларининг ректорлари ва профессор-ўқитувчилари иштирокида биринчи қўшма таълим форуми бўлиб ўтади.
Давлат раҳбарлари Россия Федерацияси Президентининг Ўзбекистон Республикасига давлат ташрифини ўтказиш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилдилар. Халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Мулоқот сўнгида Президентлар Ўзбекистон билан Россиянинг узоқ муддатли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини, ўзаро манфаатли амалий ҳамкорлигини ҳар томонлама ривожлантириш ва мустаҳкамлаш борасида интилишлари қатъий эканини таъкидладилар.

 

ЎзА

  08.10.2018, 08:29  |    96 марта кўрилди

Рахмат

Сайт администрацияси хато матн хакида огохлантирилди!