Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев «Ўзэкспомарказ»да ташкил этилган Қозоғистон миллий маҳсулотлари кўргазмаси билан танишди.

Икки давлат ишбилармонлари учун ўзига хос майдонга айланган ушбу кўргазмадан автомобилсозлик, нефть-газ, электротехника, юқори технологиялар ва бошқа соҳаларда фаолият юритаётган компаниялар маҳсулотлари, шунингдек, олий ўқув юртлари, илмий-ишлаб чиқариш марказларининг инновацион лойиҳа ва ишланмалари ўрин олган.

Президентлар экспозиция билан танишар экан, мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантиришда бундай кўргазмалар муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этдилар. Икки мамлакат иқтисодиёт тармоқлари ўртасида ҳамкорлик муносабатларининг кенгайтирилиши ишлаб чиқариш жараёни такомиллашишига ва маҳсулотларнинг янада оммавийлашишига хизмат қилишини таъкидладилар.

 

ЎзА