ТАЭКВОНДО. Россия пойтахти Москва шаҳрида таэквондо WTF бўйича Гран-при мусобақаси бўлиб ўтди.
Унда Акмал Эргашев мураббийлигидаги икки ҳамюртимиз – Максим Рафалович ва Умида Абдуллаева иштирок этди.
Максим мусобақанинг бронза медалига сазовор бўлди ва 1000 АҚШ доллари миқдоридаги мукофот пули билан тақдирланди.
* * *
БОКС. Таиланднинг Бангкок шаҳрида ўтказилган профессионал бокс кечасида Улуғбек Собиров зафар қучди.
Улуғбек мезбон боксчи Терават Йохангохга қарши рингга кўтарилди ва иккинчи раундда рақибини нокаутга учратиб, мағлубиятсиз серияларини еттитага етказиб олди.
Эслатиб ўтамиз, боксчиларимиздан Шаҳрам Ғиёсов навбатдаги жангини 17 август куни АҚШнинг Калифорния штатида ганалик Альберт Менсага қарши ўтказади. Муроджон Аҳмадалиев эса 23 август куни АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳрида чилилик Рамон Контрерасга қарши рингга кўтарилади.
* * *
ТЕННИС. Ўзбекистоннинг иккинчи рақамли теннисчиси Жўрабек Каримов Минскдаги мусобақанинг финал босқичида британиялик Жонатан Грейга қарши ўйин ўтказди.
Ҳал қилувчи баҳсда Жўрабек рақибини 6:4, 6:4 ҳисобида мағлуб этди ва турнир ғолибига айланди.
* * *
Фарғонада Халқаро теннис федерацияси томонидан ўсмирлар ўртасида ташкил этилган теннис турнири ўз ниҳоясига етди.
Ўғил болалар ўртасидаги баҳсларда канадалик Глеб Блекер, қизлар ўртасида эса россиялик Мария Ткачева ғалаба қозонди.

 

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА