Орол денгизи чиғаноқлари савдоси йўлга қўйилди

Қорақалпоғистон Республикаси Қанликўл туманидаги “ Aydos Diyorbek” хусусий корхонаси “Орол денгизи чиғоноқлари” эсдалик сувенирлари савдосини йўлга қўйди. 
Ушбу сувенир чиғаноқлар қорақалпоқ халқи қадриятларини ўзида жамлаган миллий чой халтачаларига жойлаштирилмоқда.
– Чиғаноқларни Орол денгизининг қуриган ҳудудларидаги таг қисмларидан олиб келиб, маълум даражада ишлов бергандан сўнг дўконимизда сотувга чиқаряпмиз, – дейди корхона раҳбари Зафар Қурбанбаев. – Дўконимиз Қанликўлга киришдаги катта трассаси бўйида жойлашган. Бу ердан кунига юзлаб халқаро қатновдаги транспортлар, сайёҳлар ўтади. Харидорларнинг кўпчилиги Қорақалпоғистонни, Орол денгизини эслатувчи сувенирлар сўрашади. Эҳтиёждан келиб чиқиб, ҳар хил совғалар тайёрлаяпмиз.
“Aydos Diyorbek” хусусий корхонаси томонидан “Орол денгизи минтақаси ҳавоси” консерваланган сувенир ҳам ишлаб чиқариш йўлга қўйилган эди. Унда бўш идишга Орол денгизи ҳавоси “жойлаштирилган”.
Бу каби антиқа сувенирларни харид қилган сайёҳ оддий чиғаноқ ёки консервадаги ҳавони эмас, балки Қорақалпоғистон, Орол денгизи ҳудудлари ҳақидаги хотираларини ҳам ўзи билан бирга олиб кетади.

 

Есимхон Қаноатов, ЎзА