Қорақалпоғистонда сув танқислигининг олдини олиш чоралари кўрилмоқда

Маълумотларга кўра, 2018 йилда Амударё дарёси ҳавзасида сув билан таъминланиш даражаси ўтган йилга нисбатан кам бўлиши кутилмоқда. Хўш, Қорақалпоғистон Республикасида сув танқислигининг салбий таъсирини юмшатиш бўйича қандай ишлар амалга оширилмоқда? 
Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигидан маълум қилишларича, жорий йилда 52 минг гектар шоли майдони сув танқислиги сабабли қисқартирилган. Айни пайтда 19 минг 850 гектар майдонга шоли экиш режалаштирилган. Қолган 32 минг 150 гектар ерга кам сув талаб қиладиган кунгабоқар, мош, кунжут каби экспортбоп экинлар экилаётир.
Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикасида ишлатиладиган сув миқдорининг 97,1 фоизи қишлоқ хўжалигига тўғри келади. Бу жуда катта миқдор. Сувнинг 1,2 фоизи коммунал хўжалиги, 0,3 фоизи энергетика, 0,1 фоизи саноат ва 1,2 фоизи балиқчилик соҳаларига ишлатилади.
Сув танқислигининг салбий таъсирини юмшатиш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланишни ташкил қилиш юзасидан ҳудудда 102 гектар майдонда томчилатиб суғориладиган боғ барпо этилган, шунингдек, аччиқ қалампир экилган 120 гектар майдонда эгатларга плёнка тўшаб суғориш, 1180 гектар майдонда кўчма эгилувчан қувурлар билан суғориш технологиялари жорий этилган.
Сувдан тежамли ва самарали фойдаланиш мақсадида жорий йилда 390 дона кўчма дизель насос агрегати сотиб олиниб, ғалла ва аччиқ қалампир экинлари суғорилмоқда. Тез кунларда қўшимча яна 104 дона насос агрегати келтирилади.
Ҳудудда мавжуд 295 минг гектар суғориладиган майдонлардан 87,8 минг гектарида пахта ва 53 минг гектар ерда ғалла етиштирилмоқда. 12,6 минг гектар ерга сабзавот, 6 минг гектарга полиз, 1,8 минг гектарга картошка, 10,3 минг гектарга мойли экинлар, 11,8 минг гектарга озуқа экинлари ва 51,4 минг гектар ерга бошқа экинлар жойлаштирилиб, белгиланган агротехник тадбирлар асосида парваришланмоқда.
Суғориладиган майдонларни сув билан таъминлаш учун 22 минг 735 километрлик суғориш тармоғи, 5 минг 942 дона турли гидротехник қурилмалардан фойдаланилади. Шунингдек, давлат ҳисобидаги 273 та насос станциясида 612 дона агрегат ва фермер хўжаликлари ҳисобида 685 дона насос агрегати мавжуд.
Ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва унумдорлигини сақлаш учун 20 минг 455 километр узунликдаги коллектор тармоқлари, 8 дона мелиоратив насос станциялари, 3 минг 583 та кузатув қудуғи, 909 дона гидротехник қурилма ишлаб турибди. Улар 378 минг 770 гектар майдонга хизмат кўрсатаётир.
Вегетация даврида етказиб берилган сувдан самарали фойдаланиш мақсадида «Йўл харитаси» ишлаб чиқилган.

 

Есимхон Қаноатов, ЎзА