Йилига 3 минг гектар саксовулзор ташкил этамиз

Мухбиримиз “Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш бўйича ҳамкорликдаги ҳаракатлар: янгича ёндашувлар, инновацион ечимлар ва инвестициялар” мавзусидаги халқаро конференциядан хабар қилади.
Сарлавҳада келтирилган таклиф конференция иштирокчиларининг олқишига сазовор бўлди. Қайд этиш керакки, бундай ҳамкорликка эришилса, Орол ҳудудидаги ерларнинг яшилликка бурканишига, чанг ва туз кучишининг олди олинган бўларди.
– Орол муаммосининг самарали ечимини топиш мақсадида ана шундай таклиф бердик, – дейди ТИКА ташкилотининг раҳбари Али Ихсан Чанглару. – Биз 2014 йилда Оролбўйи аҳолисининг саломатлиги, атроф-муҳитга салбий таъсирини юмшатиш мақсадида 10 миллион доллар ажратган эдик. Бу йилдан янги лойиҳа асосида ундан ҳам кўпроқ маблағ ажратиб, саксовул ўрмонзорлари ташкил этамиз.
Бундай дейишимизга сабаб, Оролбўйи ҳудудида газ ва кўмирнинг камлиги, чорвани саксовулзорларни пайҳон этиши ерларнинг ҳолатини янада ёмонлашиб, туз ва чангни бошқа ҳудудларга ҳам тарқалишига сабаб бўлмоқда. Бунинг олдини тезроқ олиш керак, бўлмаса яқинда Қорақалпоғистонда бўлгани каби “туз бўрони” бошқа мамлакатларда ҳам юз бериши мумкин. Бунинг олдини олиш учун эса ҳудудларда яшил майдонларни кенгайтириш шарт.
Ўзбекистонда сувни кўп талаб этувчи пахта майдонлари қисқариши, сувни тежайдиган технологиялар жорий этишда яратилган имтиёзлар бизга ҳар жиҳатдан маъқул. Эндиликда иқтисодий соҳалар ва сайёҳликни ривожлантириш борасидаги ҳаракатлар ҳам яхши самара беришини қайд этмоқчиман. Бу давлатнинг иқтисодий ва сиёсий барқарорлигини таъминлайди.

 

Сайёра Шоева, ЎзА