Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир, таржимон Янгибой Қўчқоров билан суҳбат

– Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори туркий халқлар ва Марказий Осиё халқлари тарихи, тамаддуни, тили, адабиётининг уйғун эканлигини яна бир бор тасдиқлайди. 

– Жуда тўғри. Ўзбек, қозоқ, қирғиз, қорақалпоқ халқлари адабиёти тарихи ҳам бир неча азим чинорнинг бир-бири билан туташиб кетган илдизларига ўхшайди. Масалан, Қошғарий даврида Муйтен шоир, Сайфи Саройи даврида Сўппосли Сипира шоир, Лутфий даврида Асан шоир ижод қилишган. Эътирофга лойиқ жиҳати шундаки, Муйтен шоир меросини, Сўппосли Сипира жиров термаларини ва Асан Қайғу айтишувларини қорақалпоқлар ҳам, қозоқлар ҳам, қирғизлар ҳам бирдек севадилар. Йигирманчи асрнинг иккинчи ярмида Чингиз Айтматов феномени бутун Марказий Осиё халқлари маънавияти заминида шаклланиб, асарлари жаҳоннинг 128 мамлакатида 176 тилда чоп этилди.

Биз сиз билан Чингиз Айтматов ва қорақалпоқ адабиёти мавзуида суҳбатлашмоқчимиз. Шу ўринда Чингиз Айтматовни ёинки адабий жанр борасида унинг забардаст замондоши Тўлепберген Қаипбергеновни қирғиз ва қорақалпоқ адабиётининг умумий тараққиётидан ажратиб олишнинг имкони йўқ. Ажиниёз ва Бердақ билан Тўғалоқ Мўлла ва Тўқтағул, Жўлмирза Оймирзаев ва Тлеуберген Жумамуратов билан Аали Тўқумбоев ва Алиқул Усмонов, Ибройим Юсупов ва Тўлепберген Қаипбергенов билан Чингиз Айтматов ва Тугелбой Сиддиқбековларнинг кўп қиррали ижодиёти бир-бирига ҳамоҳангдир.

– Сиз қорақалпоқ ва қирғиз адабиёти йирик вакилларининг номларини бежиз келтирганингиз йўқ. Қорақалпоқ китобхонига Тўқтағул адабий мероси қанчалар қадрли бўлса, қирғиз бадиий сўз мухлисига Бердақ шеър ва достонлари ҳам шунчалар ардоқлидир. 

– Мен бу ўринда икки адабий анжумандан қиёс олмоқчи эдим. Гап шундаки, Чингиз оға 1977 йилнинг эрта кўкламида Нукусга, улуғ Бердақ таваллудининг 150 йиллик маъракасига келди. Унинг азиз дўсти, устоз Ибройим оға Юсупов эса 1989 йилнинг 4 октябрида буюк Тўқтағул таваллудининг 125 йиллик тантанасида иштирок этди. Чингиз оға устозимизни ўзи, атоқли сўз заргарларидан рус – Михаил Дудин, болқор –Қайсин Қулиев, бошқирд – Мустай Карим, қалмоқ – Довуд Қўғултинов, авар – Расул Ҳамзатов, қозоқ – Муҳаммаджон Қоратоев, ўзбек – Абдулла Ориповлардан иборат дўстлари даврасига олиб кирди.

Ибройим оға қирғиз халқига, хусусан, ардоқли дўсти Чингиз Айтматовга ўнга яқин шеър бағишлаган. Ижозат этсангиз, “Қирғизларга” номли шеъридан бир банд келтириб ўтсам:

Икки Чингиз эгаллади элимни,
Бирини мен ёқтирмайман ўлгунча.
Иккинчисин – очиб юрак тўримни,
Соғинаман, ошиқаман кўргунча.

Чингиз оға Бердақ таваллудининг 150 йиллиги тантанасида қатнашгач, эртасига Тўрткўлда китобхонлар билан учрашув ўтказди. Ўшанда болалар ижодиёт маркази раҳбари Д.Сейитниёзова, 1-мактабнинг фаол ўқувчиси И.Матёқубов адибнинг саволларига бурро-бурро жавоб қайтарган эди. Исломбек “Мен “Алвидо, Гулсари”ни ўқиганимда отнинг кўзларидаги изтиробни кўрдим!” деганида адиб унинг бошини силаган, Зулхумор исмли ўқувчи “Сарвқомат дилбарим” қиссаси ҳақидаги таассуротларини айтиб берган эди. Ҳали кунлар исимагани учун Чингиз оға қундуз мўйнали айлана телпакда эдилар. Ним табассумли юзидан нур ёғилиб турарди. Орадан 20 йил ўтгач, “Туркистон” саройида, қорақалпоқ шоири Абилқосим Ўтепбергенов ва азиз инимиз Иқбол Мирзони мақтаганида ҳам унинг чеҳрасида ўша нурни кўрганман. Адибнинг Ўзбекистонга, Қорақалпоғистонга ҳар бир пойқадами байрамга айланарди.

– Кўпчиликка маълумки, сиз Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари сифатида қорақалпоқ ёзувчиларининг асарларини ўзбек китобхонига етказишда баракали ишларни бажариб келяпсиз. Кейинги вақтда қардош қозоқ адабиётидан таржималар қилиб, китоблар тайёрладингиз. Бу, албатта, ўттиз йил давомида қорақалпоқ адибларига етакчилик қилган атоқли адиб Тўлепберген Қаипбергенов томонидан қўллаб-қувватланган ишлар. Тўлепберген оға билан Чингиз оғанинг дўстлиги хусусида нималар дея оласиз? 

– Бу икки дўст адабиёт оламига бир вақтда кириб келишган. Тўлепберген оғанинг илк қиссаси – “Секретарь” 1956 йилда “Амударё” журналида, Чингиз оғанинг биринчи повести – “Юзма-юз” 1957 йилда “Олатов” журналида босилган эди. Т.Қаипбергенов 1959 йилда “Раҳмат, муаллим” қиссасини эълон қилган бўлса, 1961 йилда Ч.Айтматов шу мавзудаги “Биринчи муаллим” қиссасини чиқаради. Чингиз оға уни жаҳонга машҳур қилган “Жамила” қиссасида қирғиз аёлининг машаққатли ҳаётини тасвирласа, Тўлепберген оға “Қорақалпоқ қизи” дилогиясида қорақалпоқ хотин-қизларининг шарафли турмушини қаламга олади. Иккови ҳам атоқли устоз адиб Абдулла Қаҳҳорнинг хайриҳохлигига мушарраф бўлишади.

Икки дўст адиб жамоатчилик ишларида ҳам бир-бирига ҳамқадам эдилар. Т.Қаипбергенов ташаббуси билан 1993 йилнинг 31 мартида Туркистон заминида туркийзабон адабиётлар вакилларининг декларацияси имзоланса, 1996 йил ниҳоясида Чингиз Тўрақулович яловбардорлигида Марказий Осиё халқлари маданиятлари ассамблеяси тузилди. Чингиз Айтматов ассамблея президенти, Тўлепберген Қаипбергенов фонд бошқаруви раиси қилиб сайланади. Иккови бир қатор қитъаларда ўтказилган халқаро адабий анжуманларда бирга иштирок этган эди. Икки дўст, икки адиб, икки депутат собиқ иттифоқ халқ депутатлари қурултойида Марказий Осиёнинг экологик манфаатларини ёқлаб сўзга чиқишгани ҳаммамизнинг ёдимизда. Энг асосийси, улар бир-бирининг ижодини чинакам қадрлашарди. 1998 йилнинг 4 ноябрида “Правда Востока” газетасида Чингиз оғанинг Т.Қаипбергеновга йўллаган дўстона мактуби эълон қилинди. У шундай бошланарди:

“Қадрли биродарим»!

Ҳар хил сабабларга кўра сенинг “Қорақалпоқ достони”нгни бафуржа ўқиб чиқишга ҳеч вақт тополмасдим. Ниҳоят, кечагина китобингни охиригача ҳузур қилиб ўқидим. Ростини айтсам, кейинги йилларда, айниқса, ўзим ишлаётган пайтларим тақдири азал ато этган умрнинг ҳар бир дақиқасини авайлаб-асрашга, ҳатто мутолаадан ҳам ўзимни тийишга ҳаракат қилаётирман. Назаримда, ўзинг ҳам худди шундай ташвишда юрган бўлсанг керак. Бизнинг ёшимизга етган одамлар (янглишмасам, келаси йили сен ҳам 70 ёшга тўласан) кўпроқ иш қилишни истайди. Шунга қарамасдан, сенинг “ёстиқдек” трилогиянгни ўқиб чиқдим. Ўқиганда ҳам ниҳоятда қизиқиб, очиқчасига айтадиган бўлсам, ҳузур қилиб ўқидим…”

Устоз Тўлепберген Қаипбергенов 1999 йилнинг 25 мартида Чингиз Айтматов таваллудининг 70 йиллиги муносабати билан ЮНЕСКО томонидан Парижда ўтказилган анжуманда дўсти ҳақида шундай деган эди:

“ЮНЕСКО ҳомийлигида ўтказилаётган, барчамиз суюниб тилга оладиган Чингиз Айтматовнинг ижодий фаолиятига бағишланиб жаҳоннинг кўп мамлакатлари вакиллари иштирокида ташкил этилган бугунги халқаро анжуман, менинг назаримда, инсоният тамаддунининг бир-бирига яқинлашишида, дунёни Шарқ ва Ғарб деб бўлишга одатланиб қолган кўникмаларга барҳам беришга қаратилган собит қадамлардан бири бўлгани аниқ. Чингиз Айтматовнинг ижодий фаолияти янги минг йиллик бўсағасида ана шундай бирдамликнинг натижали ҳамда яққол тарзда рўёбга чиққанига ёрқин мисол бўла олади…”

– Юқорида буюк адибнинг ажойиб асарлари 176 тилда нашр этилганини таъкидладингиз. Табиийки, улардан бири гўзал ва жозибали қорақалпоқ тили. Адиб асарларини таржима қилишда қайси адиблар жонбозлик кўрсатишди? 

– Чингиз оға асарларини қорақалпоқ тилига ўгиришда уч заҳматкаш таржимон – Узоқбой Пиржонов, Сафарбой Солиев, Алписбой Султонов салмоқли ишларни бажарди. Уларнинг саъй-ҳаракатлари боис, атоқли адиб романлари, қиссалари, ҳикоялари “Амударё” журнали ҳамда алоҳида китоблар орқали қорақалпоқ китобхонига етиб борди. Яна бир муҳим омил борки, бугунги пешқадам қорақалпоқ романнавис ва қиссанависларидан Ўрозбой Абдураҳмонов, Муротбой Низанов, Кенгесбой Алламбергенов, Кенгесбой Каримов, Шароф Уснатдинов, Бекназар Ерназаров, Алланазар Абдиев ва бошқалар жаҳон адабиётининг энг сара анъаналари билан бир қаторда Чингиз Айтматовнинг маҳорат булоғидан сув ичмоқда.

– Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорини ўқиб, кўнглингизда қандай туйғулар туғилди?

– Чингиз Айтматов адабий мероси ҳозирги замон жаҳон насрининг энг бебаҳо саҳифаларидан бири ҳисобланади. Қарор ижроси адиб асарларини барчамизга, биринчи навбатда, интернет асри ёшларига яқинлаштиради. Мен сизга Чингиз оғанинг барча асарлари қаҳрамонларини айтиб беришим мумкин. Балки эриш туюлар: аммо адабиёт ўқитувчиларидан, ҳатто уюшмамизга аъзо бўлган адиблардан бир қисми ўша асарлардан айримларининг номини ҳам билмайди. Бизга Алишер Навоий, Махтумқули Фироғий, Абай Қўнонбоев, Тўқтағул Сотилғонов, Бердақ Қарғабой ўғли, Аҳмад Дониш мероси ҳар куни керак бўлганидек, Абдулла Қодирий, Мухтор Авезов, Берди Кербобоев, Сотим Улуғзода, Тўлепберген Қаипбергенов ва, албатта, Чингиз Айтматов асарлари ҳам бир умрлик маънавий ҳамроҳ бўлиши лозим.

 

Озода Бекмуродова суҳбатлашди ЎзА