Пойтахтимизда мамлакатимизда тадбиркорлик соҳасида юқори натижаларга эришган бир гуруҳ тадбиркорлар билан ёшларнинг учрашувлари бўлиб ўтди.

         Меҳмонлар аввал Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида бўлиб, ёш тадбиркорлар билан учрашди. Тадбир иштирокчиларини  Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгашининг Раиси М.Ерниязов табриклаб, ҳурматли Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг раҳбарлигида мамлакатимизда тадбиркорлик муҳитини янада эркинлаштириш, кичик бизнес ва якка тадбиркорлик субъектларини атрофлича қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли тадбирларга тўхталиб ўтди.

Таъкидланганидек, 2017-2021-йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси  демократик давлат қуриш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасидаги ислоҳотларда ёшларнинг фаоллигини ошириш билан боғлиқ қатор долзарб вазифаларни белгилаб берди. Ушбу вазифаларни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг  2017 йил 5 июлдаги «Ёшларга доир давлат сиёсатининг самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги фармони муҳим аҳамият касб этади. Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ташкил этилган 30 июнь санаси мамлакатимизда «Ёшлар куни» сифатида белгиланди. Ёшларнинг замонавий касб-ҳунарларни пухта эгаллаши учун муносиб шароитларни яратиш, бандлигни таъминлаш, ташаббусларни рағбатлантириш, ақлий ва ижодий салоҳиятини руёбга чиқаришга ёрдамлашиш янгидан ташкил этилган ёшлар иттифоқи фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири сифатида белгиланди. Шунингдек, Президентимизнинг республикамизда тадбиркорликни ривожлантириш, халқнинг, жумладан, ёшларнинг бандлигини таъминлашига бўлган алоҳида этибори натижасида 6 туманда яънии, Амударё, Беруний, Қўнғирот, Тахиатош, Хўжайли ва Чимбой туманларида кичик саноат зоналарини барпо этилиши кўзда тутилган.

Меҳмонлар пойтахтимизда «Ёшлар маркази»да бўлиб, бу жойда ҳунарманд А.Нуримбетова томонидан таёрланган болалар ва Хотин-қизлар учун бағишланган миллий либослар коллекциясининг кўргазмасини томоша қилди. Шунингдек, марказда фаолият юритаётган тўгаракларнинг ишлари билан танишдилар. Ёш тадбиркорларнинг лойиҳасини таништириш маросими, ўзаро фойдали мулоҳазалар бўлди.

Тадбир иштирокчилари И.В. Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат бадиий санъат музейида, пойтахтимиздаги «Кардар» ва «Муратбек мебель» масъулияти чекланган жамиятларида бўлиб, олиб борилаётган ишлар билан танишишди.

Шу куни Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида «Муваффақиятга эришиш сирлари» мавзусида мастер класс ўтказилди. Тадбирда Халқаро бизнес ва технологиялар уюшмаси раиси Ҳикмат Абдураҳмонов,«Dekos» корхонасининг асосини солувчи Ҳасан Мамасаидов, «Deli» корхонаси асосчиси Ҳусан Мамасаидов, «Murad Buildings» корхонасининг асосчиси Мурод Назаров, «O’zbek-Xitoy Savdo Uyi» корхонасининг асосчиси Улуғбек Холмадов,  «Raynet»,«LeBazar» корхоналарининг асосчиси Ботир Арифанов, «My Taxi» корхонасининг асосчиси Акмал Файзиев, «Orient Capital Management» корхонасининг раиси Анвар Ирчаев нутқ сўзлаб, ўзларининг меҳнат йўли, тадбиркорликка дастлабки қадамлари, мамлакатимизда ёш тадбиркорларга яратилган шароитлар бўйича кенг турда маълумотлар берди. Ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишди.

-Ёшлар иттифоқининг ташаббуси асосида Глобал тадбиркорлик тармоғи Билан биргаликда мамлакатимиз бўйлаб биринчи маротаба ўтказилган тадбирга мингга яқин ёш тадбиркор, фермер, «Бизнес клуб» аъзолари, уюшмаган ёшлар иштирок этишди ва бу уларда алоҳида таассурот қолдирди,-дейди Ўзбекистон ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш маркази Қорақалпоғистон бўлимининг раиси Гавҳар Реджепова. -Шундай тадбирларнинг ўтказилиши тадбиркорликка янги қадам ташлаётган ёшларимиз учун ҳақиқий тажриба мактаби бўлиб хизмат қилади.

-Тадбир доирасида ёшларнинг фаоллиги бизда ўзгача таассурот қолдирди,-дейди «Deli» корхонаси асосчиси Ҳусан Мамасаидов. –Шунинг билан бирга, ҳудудда тадбиркорликни ривожлантиришда бир қанча имкониятларнинг мавжудлигининг гувоҳи бўлдик.

«Муваффақиятга эришиш сирлари» мавзусидаги бундай учрашувлар келажагимиз қурувилари бўлган ёшларимизнинг тадбиркорлик қобилиятини янада ривожлантириш, уларни кичик бизнес ва якка тадбиркорликга кенг жалб қилишда алоҳида аҳамиятга эга бўлди.

 

Д.АБИБУЛЛАЕВ,
Қорақалпоғистон хабар агентлиги мухбири.