Осиёнинг энг яхши аёл курашчиси Ўзбекистонда!

Жорий йил 22-25 март кунлари Ҳиндистоннинг Пуна шаҳрида кураш бўйича Осиё чемпионати ва 18 август – 2 сентябрь кунлари Индонезиянинг Жакарта шаҳрида бўлиб ўтадиган Ёзги Осиё ўйинларига пухта тайёргарлик кўриш мақсадида Хитой Тайпейи терма жамоаси Тошкент шаҳрида ўқув-машғулот йиғинини ўтказмоқда.

Хитой Тайпейи терма жамоаси аъзолари орасида 2017 йил якунлари бўйича Осиё – Океания кураш конфедерацияси томонидан “Йилнинг энг яхши аёл курашчиси”, деб топилган Янг Хсиен-тзу (Хитой Тайпейи) ҳам бор.

photo5276315586416191667.jpg

Янг Хсиен-тзу 1985 йил 19 март куни Хитой Тайпейининг Тюнан шаҳрида туғилган. 5 ёшидан гимнастика машғулотларига қатнаган. 11 ёшидан эса махсус спорт мактабига қабул қилинган. Кураш, дзюдо бўйича бир неча маротаба мамлакат чемпиони. 2005 йилдан кураш бўйича ўтказиладиган халқаро мусобақалар иштирокчиси. Икки карра жаҳон чемпиони.

2017 йил Туркманистоннинг Ашхобод шаҳрида бўлиб ўтган ёпиқ иншоатлар ва жанг санъатлари бўйича V – Осиё ўйинларида 78 килограмм вазнда барча рақиблари устидан соф ғалабага эришиб, олтин медални қўлга киритган.

– Кураш ватанига келганимдан мамнунман, – дейди Янг Хсиен-тзу. – Кураш ўзининг жозибадорлиги билан мени ром этган, ушбу спорт тури иродамни синовдан ўтказишга ёрдам беради. Жамоамиз аъзоларининг курашни дунёга тақдим этган Ўзбекистонга ҳурмати жуда баланд.

Мазкур ўқув-машғулот йиғини Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари билан биргаликда ўтказилмоқда. Мамлакатимиз вакиллари иккита таркибда жалб қилинган. Йиғин 20 март куни якунига етиши ва полвонларимиз 21 март куни Ҳиндистонга учиб кетиши режалаштирилмоқда.

Маълумот учун, 2017 йилнинг энг яхшилари бўйича номинация ғолибларини тақдирлаш маросими жорий йилнинг 23 март куни Пуна шаҳрида бўлиб ўтадиган Осиё – Океания кураш конфедерацияси конгрессида бўлиб ўтади.

 

ЎзА