Шу пайтга қадар электр энергияси ва табиий газни ҳисобга олиш ускуналари ҳар 4 йилда давлат кўригидан ўтказиб келинарди. Эндиликда бу жараён электр энергияси ва табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш лойиҳаси доирасида ўрнатиладиган ҳисоблагичлар учун “Ўзстандарт” агентлиги томонидан 10 йилда амалга оширилади. Бунда ҳисобга олиш ускуналарини давлат кўригига топшириш бўйича ишларни ташкил этиш “Ўзбекэнерго” АЖ, “Ўзтрансгаз” АЖ ва Мажбурий ижро бюроси томонидан таъминланади. Шунингдек, истеъмолчидан давлат кўригини амалга ошириш, хизмат кўрсатиш ва бошқа ишларни ўтказиш учун ечиб олинган ҳисобга олиш ускунасининг ўрнига зудлик билан “Ўзбекэнерго” ва “Ўзтрансгаз” маблағлари ҳисобидан бошқа ускуна ўрнатилади.

ЎзА мухбири мазкур жараёндаги асосий янгиликлардан аҳолини хабардор қилиш мақсадида мутахассисларга мурожаат қилди.

Самандар Қораев, “Ўзбекэнерго” мутахассиси:

– Президент қарорига мувофиқ Франциянинг “Sagemcom” компанияси ва “Тошэлектроаппарат” МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилган замонавий электр энергиясини ҳисобга олиш ускуналари “Ўзбекэнерго” томонидан ўрнатилади. Амалдаги ҳисоблагичлар электр энергияси истеъмолини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига уланиш учун мос келса, фойдаланиш учун яроқли ҳисобланади. Аксинча, улар ўрнига янги ҳисоблагичлар ўрнатилади. Умуман, эски ҳисоблагичларни янгиларига тўлиқ алмаштириш муддати 2021 йил охирига белгиланган. Дастлаб Тошкент шаҳри, вилоятлар марказларида, кейинги босқичда бошқа шаҳар ва қишлоқ ҳудудлари қамраб олинади.

Беҳзод Бердиев, “Ўзтрансгаз” ахборот хизмати бошлиғи:

– Электр энергияси ва табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш юзасидан таклифлар тайёрлаш бўйича Ишчи комиссия ҳозирги кунда Франция ва Германиянинг етакчи компаниялари, “Тошэлектроаппарат” МЧЖ билан музокара олиб бормоқда. Замонавий газ ҳисоблагичлар ўрнатиш муддати 3 йилга мўлжалланган. Бу жараён 3 босқичда амалга оширилади. Биринчи босқичда 28 шаҳар, Тошкент вилоятининг Зангиота, Тошкент, Қибрай ва Янгийўл туманларидаги хонадонларга 1 миллиондан ортиқ ускуна ўрнатилади. Кейинги босқичларда мамлакат газ таъминоти туман (шаҳар) филиалларига қарашли аҳоли хонадонлари қамраб олинади. Режага кўра, замонавий газ ҳисоблагичлари аҳоли хонадонларига “Ўзтрансгаз” томонидан ўрнатилади.

 

Улуғбек Асроров, ЎзА